Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Акса урганда ва эснаганда бажариладиган 4 амал

07.05.2026   9857   2 min.
Акса урганда ва эснаганда бажариладиган 4 амал

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

1. Аксирганда қўли ё кийимини оғзига қўйиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ сллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.

 

2. Аксирганда овозини пасайтириш.

Аксиришда жуда баланд овоз чиқариш одобсизликдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, икки кафтини оғзига қўйсин ва овозини пасайтирсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

3. Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш.

Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

4. Аксириб Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ташмит” айтиш. Мусулмон кишининг ҳақларидан бири аксирганда унга ташмит айтиш ҳисоланади. Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтишдир.Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ота-онани ҳурматлаш одоблари

08.08.2026   9711   1 min.
Ота-онани ҳурматлаш одоблари

Ота-онанинг розилигини олишга интилиш фазилати барча фазилатларнинг негизи, борлиқдаги ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларнинг келиб чиқадиган асосидир.

Ота-оналар, бола тарбияси билан шуғулланаётган тарбиячилар фарзандларга қуйидаги одатларни сингдиришлари мақсадга мувофиқ: 
 

Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).

Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws