Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бир кишининг кўп хамр (май) ичаётгани ҳақида хабар етди. Шунда у зот у кишини шарманда қилмадилар, номини ошкор қилмадилар ва лаънатламадилар ҳам...
Балки унга қисқа, аммо маъноси улкан бир мактуб ёздилар:
«Мен сени Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамд айтишга чақираман. У гуноҳни мағфират қилувчи, тавбани қабул этувчи, азоби қаттиқ ва эҳсони кенг Зотдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ ва қайтиш Унинг ҳузуригадир».
Ҳалиги киши мактубни қайта-қайта ўқир экан, тинмай йиғлади, қалби ларзага келди, гуноҳининг нақадар оғирлигини англади ва Аллоҳга чин дилдан тавба қилди.
Бу хабар Ҳазрати Умарга етганда, атрофидагиларга дедилар:
«Агар бир биродарингизни тойилганини кўрсангиз, мана шундай йўл тутинглар. Уни тўғри йўлга йўлланглар, Аллоҳ таолога тавба қилишини сўраб дуо қилинглар ва унга қарши шайтонга ёрдамчи бўлманглар».
Хулоса шуки... Дин инсонларни шарманда қилиш ёки йиқилганларнинг сонини кўпайтириш учун келмаган. Балки дин — қалби синиқларни тиклаш, қайтиш эшигини очиш ва гуноҳкорни янада пастга уриш учун эмас, балки уни қутқариш учун қўлидан тутиш учун келгандир.
Қанчадан-қанча қаттиқ сўзлар борки, тавба эшигини ёпиб қўйган ва қанчадан-қанча раҳм-шафқат билан айтилган сўзлар борки, бир қалбнинг ҳидоятига сабаб бўлган...Аллоҳ таоло: «Одамларга яхши гаплар айтинг» деган (Бақара сураси, 83-оят).
Зеро, биргина ширин сўз бир инсонни қутқариб қолиши ва биргина ёмон сўз эса янги бир шайтонни пайдо қилиши мумкин.
Ё Аллоҳим! Бизни яхшилик эшигининг калитлари, ёмонлик эшигининг қулфлари қилгин... Бандаларингга қарши бизни шайтонга ёрдамчи қилиб қўймагин.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Жорий йилнинг 6-19 август кунлари Маккаи мукаррамадаги Масжидул-Ҳарамда ўтказиладиган Подшоҳ Абдулазиз номидаги 46-халқаро Қуръон мусобақасида ўзбекистонлик иқтидорли қори ва қорияларимиз иштирок этади.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида халқаро Қуръон мусобақаси иштирокчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда диний таълим муассасаларидан саралаб олинган қори ва қорияларга мусобақа тартиб-қоидалари, унда иштирок этиш бўйича зарур йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.
Муҳим янгилик: 2026 йилдан Саудия Арабистонининг 46-мавсум халқаро Қуръон мусобақаси тарихида илк бор аёл-қизлар йўналиши жорий этилди.
Юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган вакилларимиз билан танишинг:
Эркак қорилар:
Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Аёл қориялар:
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Аллоҳ таоло нуфузли мусобақада иштирок этадиган вакилларимизга улкан муваффақиятлар ато этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати