Ислом таълимотига кўра, қабр инсоннинг бу дунёдан у дунёга ўтиш остонасидир. Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу қабр тепасида турганларида йиғлар эдилар ва бу ҳақда сўрашганда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қабр охират манзилларининг аввалгисидир. Агар банда ундан қутулса, кейингилари осон бўлади», деб айтганлар”, дея жавоб берардилар.
Дарҳақиқат, Ислом динида қабристонлар нафақат марҳумларнинг сўнгги манзили, балки тириклар учун ибрат, маънавият ва охиратни эслатувчи мўътабар макон ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан сўнг мусулмонлар учун алоҳида “Бақиъ” қабристонини ташкил этдилар. Бу маскан илк мусулмонлар дафн этилган муборак жой бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тез-тез у ерга бориб, марҳумлар ҳақига дуо қилардилар. Бу эса қабристонларни зиёрат қилиш суннат эканига асосдир.
Қабристонни зиёрат қилишда ҳам тирик учун, ҳам марҳум учун улкан манфаатлар бор. Зиёратчининг қалби юмшайди, дунёнинг ўткинчи эканини англайди ва охиратга тайёргарлик кўриш ҳисси уйғонади. Зиёратчининг ўқиган Қуръон тиловати, айтган истиғфори ва қилган дуолари марҳумнинг қабрини нурли қилиб, даражасини кўтаради. Ҳадиси шарифда: “Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки у охиратни эслатади” дейилган (Имом Муслим ривояти).
Қабристонлар ислом ҳуқуқида вақф ерлари ҳисобланади. Бу ерларга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, қабр устини босиш ёки ножоиз амаллар билан шуғулланиш қатъиян ман этилади. Қабристонда ишлайдиган кишилар (гўрковлар, қаровуллар) диёнатли, тақводор ва омонатдор бўлишлари лозим. Зеро, улар инсоннинг энг сўнгги ва махфий ҳолатларига гувоҳ бўладилар. Уламолар айтадиларки, гўрков марҳумнинг айбларини яширадиган, содиқ киши бўлиши керак.
Ўтганларни ёд этиш, айниқса, ота-онанинг қабрини зиёрат қилиш фарзандлик бурчидир. Буюк уламолар ҳар доим устозлари ва яқинларининг қабрларини зиёрат қилиб, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қилишни одат қилганлар. Бу инсоннинг ўз аждодларига бўлган ҳурматини ифодалайди. Агар биз ўтган аждодларимизнинг руҳини шод этсак, қабрларини обод сақласак, Яратганнинг юртимизга баракаси ва тинчлиги ёғилади. Аждодлар ҳақига дуо қилиш, улар ётган жойни пок тутиш — тирикларнинг маънавий даражасини кўрсатади. Қадимгилар бежизга: “Ернинг ости тинч бўлса, усти тинч бўлади”, демаганлар.
Афсуски, баъзи жойларда қабристонлар қаровсиз қолгани, атрофи ўт-ўлан билан қоплангани ёки чиқиндилар тўпланиб қолгани аччиқ ҳақиқатдир. Бугунги кунда имом-хатиблар халқ орасида тарғибот ишларини кучайтириб, қабристонларни тозалаш ва ободонлаштириш савобли иш эканини тушунтириб бормоқдалар. Яъни, Қабристонни оддий гўристон эмас, балки тарбия маскани сифатида қабул қилиш, қабрлар устига ҳашамдор ҳайкаллар қўйиш эмас, балки атрофни озода тутиш муҳимлиги, қабристонларни мунтазам зиёрат қилиб туриш савобли амал эканлигини уқтириб келмоқдалар. Агар биз марҳумларимизнинг қабрини обод қилсак, келажак авлод ҳам бизни шундай эъзозлайди. Юртимиздаги тинчлик ва омонлик аждодлар дуоси ва уларга бўлган ҳурматимиз мевасидир.
Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларида («Ал-Мабсут», «Бадоиъус саноиъ», «Раддул муҳтор», «Фатовои Оламгирия») қабрлар ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида аниқ ва муфассал қоидалар белгиланган. Жумладан: Ҳанафий мазҳабига кўра, қабр ердан бир қарич ёки сал кўпроқ (туянинг ўркачидек) баланд қилиниши мустаҳаб ҳисобланади. Мазҳабимизда қабр устини тўрт бурчак эмас, балки ўркачсимон шаклда қилиш афзал кўрилган. Қабр устини гипс (алебастр) ёки оҳак билан оқлаш ва безаш макруҳ саналади, чунки қабр зийнат эмас, балки охиратни эслатувчи макондир. Аммо қабр тупроғи тўзиб кетмаслиги учун уни сув сепиб зичлаш ва тош билан белги қўйиш жоиз.
«Ал-Баҳрур роиқ» ва бошқа манбаларда келишича, қабр устида ўсиб турган ҳўл гиёҳ, ўт-ўланларни юлиш макруҳдир. Чунки, ҳўл ўсимликлар Аллоҳга тасбеҳ айтади ва бунинг шарофати билан марҳумга енгиллик бўлади. Шунинг учун қабрлар атрофини кўкаламзорлаштириш ва марҳумнинг бош томонига райҳон ёки шу каби кўчатлар экиш суннатга мувофиқ амал ҳисобланади.
Ҳанафий фуқаҳолари қабр устига ўтириш, ухлаш ва унинг устидан юришни макруҳ деб ҳисоблайдилар. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Қабр устини босиб юришни кариҳ кўрамиз». Фақат қабрни зиёрат қилиш ёки маййитни дафн қилиш учун бошқа йўл бўлмаса, зарурат юзасидан рухсат берилади. Яна фиқҳий манбалар шуни уқтирадики, қабрнинг «ободлиги» унинг устига қимматбаҳо мармарлар қўйиш ёки баланд деворлар уришда эмас, балки у ерда Қуръон тиловат қилиш ва ҳақига дуо қилиш билан бўлади. Атрофини ахлат ва чиқиндилардан пок тутиш, тикан ва қуриган шох-шаббалардан тозалаш айни муддаодир.
Ҳомиджон қори Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
“Халқ сўзи” газетаси
2026 йил 7 июль, № 137 (9308)
МАЪРИФАТГА ТАЯНГАН ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 7 — 11 июль кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзуидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми олдидан брифинг ташкил этилди.
Унда анжуманнинг мақсад ва вазифалари, тадбирлар дастури ҳамда халқаро аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мазкур форум Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган маърифат ва диний бағрикенглик ғояларининг амалий давоми ҳисобланади.
Форумнинг бош мақсади ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, буюк алломаларимиз меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, турли мамлакатлар олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказиладиган анжуманда 50 дан ортиқ давлатлардан қарийб 300 нафарга яқин хорижлик меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, исломшунос олимлар, қўлёзмашунослар, музей ва кутубхоналар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор. Бу эса анжуманнинг ҳақиқий халқаро мулоқот ва академик ҳамкорлик майдонига айланишидан далолат беради.
Брифингда қайд этилганидек, форум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросими Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши ҳам рамзий аҳамият касб этиши таъкидланди. Зеро, қисқа вақт ичида мазкур марказ нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақадаги энг йирик ва нуфузли илмий-маърифий масканлардан бирига айланиб улгурди.
Форум ўз кўлами жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Унинг доирасида 4 та халқаро конференция, 10 та ялпи мажлис, 15 та пленар йиғилиш ҳамда 6 та соҳавий шуъба ташкил этилади. Уларда ислом цивилизацияси тарихи, ҳадис илми, калом, қўлёзмашунослик, музейшунослик, археология, маданий меросни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш, маданий дипломатия ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар муҳокама қилинади.
Анжуман доирасида китоблар ва илмий нашрлар тақдимотига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. ICESCO билан ҳамкорликда тайёрланган “Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари — “Уммат китоби” мавзуидаги халқаро конференция тезислар тўплами, IRCICA билан шерикликда нашр этилаётган “Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи” китоб-альбоми, Россия мусулмонлари диний идораси билан биргаликда чоп этилган Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарининг рус тилидаги академик нашри ва бошқа фундаментал лойиҳалар намойиши форумнинг энг эсда қоларли воқеаларидан бири бўлади.
Форумнинг биринчи кунги ялпи мажлисларида ислом цивилизациясининг маънавий мероси, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрни, шунингдек, қўлёзмаларни асраш, музейлар ва кутубхоналар ҳамкорлигини ривожлантириш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинади.
Тадбир давомида Ўзбекистондаги илмий-маърифий марказлар ва хорижнинг етакчи илмий муассасалари ўртасида қўшма лойиҳалар, янги илмий нашрлар, археологик кашфиётлар, ноёб қўлёзмалар ва рақамли лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Шунингдек, ҳамкорликка оид “йўл хариталари” муҳокама қилиниб, меморандум ва битимлар имзоланиши режалаштирилган. Бу эса форумнинг фақат илмий муҳокама билан чекланмасдан, аниқ амалий натижаларга хизмат қилишини кўрсатади.
Тадбирнинг муҳим қисми Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтадиган халқаро конференциялардир. Улар буюк алломаларимиз — Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг бой илмий меросини ҳар томонлама ўрганишга бағишлангани билан аҳамиятли.
Жумладан, Самарқандда ўтказиладиган “Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари — “Уммат китоби” мавзуидаги халқаро конференцияда буюк муҳаддиснинг ҳаёти, унинг илмий камолоти, ҳадисларни саралаш услублари “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг яратилиш тарихи, қўлёзмалари ҳамда мазкур асарнинг ислом цивилизацияси тараққиётидаги ўрни атрофлича муҳокама қилинади. Бу конференция доирасида бешта пленар йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларда Саудия Арабистони, Миср, Марокаш, Туркия, Ҳиндистон, Бангладеш, Буюк Британия, Тунис ва бошқа мамлакатлардан келган етакчи ҳадисшунос олимлар маърузалар қилади.
Имом Мотуридийнинг бебаҳо меросига бағишланган конференцияда эса мўътадиллик, диний бағрикенглик, ақл ва нақл уйғунлиги каби масалалар замонавий нуқтаи назардан таҳлил этилади.
Термиз шаҳрида ўтказиладиган анжуман Термиз ҳадис мактаби ва Имом Термизийнинг жаҳон ҳадисшунослигига қўшган беқиёс ҳиссасини ўрганишга бағишланади. Бу конференциялар орқали Ўзбекистон нафақат буюк алломалар юрти, балки улар меросини тизимли ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишнинг замонавий маркази сифатида ҳам намоён бўлади.
Брифингда таъкидланганидек, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми мамлакатимиз тарихида илк бор ўтказилаётган йирик халқаро маърифий анжуман сифатида Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси бой меросини асраб-авайлаш ва уни жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини яна бир бор намоён этади. Шу маънода, форум нафақат илмий мулоқот майдони, балки тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини бирлаштирувчи нуфузли халқаро платформа бўлиши кутилмоқда.
«Халқ сўзи».