#imom #taqvo #ilm
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ обид, зоҳид ва тақводор зот эдилар. Фатво, фиқҳ каби кўплаб вазифалари бўлишига қарамай, Қуръондан вирдлари бор эди.
У зот кундузи илм ва фатво билан банд бўлсалар-да, тунда Қуръон хатм қилар, айрим оятларни тонггача такрорлаб чиқардилар.
Қосим ибн Маън ривоят қилади: "Абу Ҳанифа бир кеча то тонггача Қамар сурасидаги: "Ҳа, уларга ваъда қилинган вақт соатдир. Ва у соат офатлироқ ва аччиқроқдир" оятини йиғлаб, тазарру билан такрорлаб чиқдилар".
Олимлардан бири айтади: "Абу Ҳанифани кун бўйи одамлар орасида илм билан ўтирганини кўриб: "Бу киши қачон ибодатга вақт топади?" деб ҳайрон бўлдим. Уни кузатсам, одамлар билан хуфтонни ўқиб уйига кирди, ҳамма тарқалгач, масжидга чиқиб то тонггача намоз ўқиди. Бир неча кеча кузатдим, бу унинг доимий одати экан".
Аллоҳ имом Абу Ҳанифани ўз раҳматига олсин! У зот ҳижрий 150 йилда вафот этдилар. Одамларнинг кўплигидан Бағдодда жанозалари 6 марта ўқилди.
Манба
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «Зомин» жоме масжидида диний соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, ҳудуд масжидлари имомлари, отинойилар, «Ҳаж» зиёратчилари ҳамда МФЙ раислари қатнашди.
Учрашувда юрт тинчлигини асраш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида амалий саъй-ҳаракатлар ҳам олиб борилди:
Имом-хатиблар ва отинойилар маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Жараёнда жами 112 та хонадон (имом-хатиблар томонидан 83 та, отинойилар томонидан 29 та оила) ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Фуқароларга маънавий-маърифий далда берилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати