Бугун, 8 май куни Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида таҳсил олаётган бош имом ва имом-хатиблар учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида махсус ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Марказнинг очилиш маросимида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани билан ҳам эътиборлидир. Зеро, Давлатимиз Раҳбари ўз нутқида: "Бу даргоҳда ислом меросини чуқур ўрганиш, диний ходимлар ва имом-хатибларнинг малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ишларини ташкил этиш, ўйлайманки, мақсадга мувофиқдир", — дея таъкидлаган эди.
Ўқув жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда бошқа профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилди.
Машғулотлар давомида тингловчилар "Давлат ва дин муносабатлари", "Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида ахлоқий меъёрлар", "Фиқҳ илмининг методологик асослари ва замонавий ёндашувлар" каби мавзулар асосида ўз билим ва малакаларини оширдилар.
Мазкур ўқувлар диний-маърифий соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг замонавий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, жамиятда маърифат ва бағрикенглик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати