#duo
Роббанағфир ланаа ва ли-ихвааниналлазийна сабақууна бил иймаан ва лаа тажъал фий қулуубинаа ғиллал-лиллазийна ааману, Роббанаа иннака роуфур роҳийм.
"Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга қалбимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Эй Роббимиз, албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли Зотсан" (Ҳашр сураси, 10-оят).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати