Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда 100 нафар юртдошларимизга 2026-йилги Ҳаж сафарига бепул йўлланмалар тақдим этилмоқда. Хусусан, улар орасида муборак сафар бахтига муяссар бўлган 3 нафар қашқадарёликлар ҳам бор.
Жумладан, Раъно Элмурадова ҳам эндиликда Президентимизнинг ана шундай юксак ташаббуси туфайли “Президент ҳожиси” сифатида Ҳаж амалларини адо этадиган бўлди. У киши кўп йиллар давомида соғлиқни сақлаш соҳасида меҳнат қилиб, инсонлар дардига дармон бўлишдек фидокорона, ҳам машаққатли ҳам шарафли касби ортидан бугун юксак эътирофга сазовор бўлганлар қаторидан жой олди.
Шу муносабат билан Ҳаж йўлланмасини топшириш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили - вилоят бош имом-хатиби ва бошқа масъул раҳбарлар иштирок этди.
Тадбирда “Президент ҳожилари” ташаббуси, аввало, Давлатимиз Раҳбарининг халқимизга бўлган меҳр-эътибори, нуронийлар ва кўмакка муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш борасидаги юксак инсоний ёндашувининг ёрқин намунаси эканлиги алоҳида таъкидланиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда ватанимиз равнақи учун хайрли дуолар қилинди.
Nasafziyo.uz
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати