Шу йил 12 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Индонезия Ҳаж фонди директори ўринбосари Индра Гунаван бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Ҳомиджон домла меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Шунингдек, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, кейинги йилларда ҳаж квотаси 15 мингдан ошгани ва зиёратчиларга яратилаётган қулайликлар ҳақида маълумот берди.
Мулоқот давомида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Ўзбекистоннинг ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этишдаги 30 йиллик бой тажрибасини алоҳида таъкидлаб, Индонезия билан диний-маърифий йўналишда тажриба алмашиш икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини билдирди.
Ўз навбатида Индонезия делегацияси раҳбари Индра Гунаван самимий қабул ва фойдали маълумотлар учун миннатдорлик изҳор этиш баробарида икки давлат ўртасидаги тарихий алоқаларга тўхталиб, Индонезиянинг собиқ президенти Сукарно Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилган илк хорижий давлат арбоби эканига урғу қаратди.
Шунингдек, у ўз сўзида Индонезиянинг ҳаж ва умра тизимига оид маълумотларни тақдим этиш баробарида муборак сафарга зиёратчиларни тайёрлаш тажрибаси ҳақида маълумот тақдим этди.Учрашув асносида томонлар келгусида мутахассисларнинг масофавий тажриба алмашишига келишиб олди.
Шу билан бирга, томонлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган мулоқот якунида ўзаро эсдалик совғалари алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати