Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Халқаро академик ҳадис тарихи анжуманлари” лойиҳаси доирасида “Имом Бухорийни қайта кашф этиш” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Марказ, Ҳадис илми мактаби ҳамда Туркиянинг Анқара ва Анқара Йилдирим Боязид университетлари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман ҳадисшунослик соҳасидаги замонавий тадқиқотларни муҳокама қилиш учун халқаро академик платформа вазифасини ўтади.
Форумнинг очилиш маросимида Имом Бухорий илмий меросининг ислом тамаддунидаги алоҳида ўрни ва унинг бугунги кун илм-фан олдидаги юксак аҳамияти алоҳида эътироф этилди.
Илмий анжуман Ўзбекистон ва Туркия илмий доиралари вакиллари иштирокида олти шўбада ташкил этилди.
Конференция давомида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг тарихий контексти, илк ислом даври сиёсий воқеаларининг ҳадислардаги инъикоси ҳамда Самарқанд ва Бухоро ҳадис мактабларининг шаклланиш тарихи илмий далиллар асосида таҳлил қилинди.
Мунозараларда асардаги “Фитан” (“Фитналар”) бобининг тадқиқи, дунё фондларида, хусусан, Истанбулнинг Сулаймония кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзма нусхалар матнларининг қиёсий таҳлили ҳамда “Фатҳул Борий” ва “Умдатул қорий” каби шарҳларнинг методологик хусусиятлари асосий ўрин олди.
Шунингдек, мутахассислар Имом Бухорийнинг ровийларни баҳолашдаги ўзига хос тамойиллари, “Саҳиҳ”да қўлланган “инжоз” (асарга анъанавий ҳадис тўпламларида мавжуд бўлмаган янгича бобларни қўшиш) ва “сулосиёт” (уч ровийли ҳадислар) услубларининг моҳияти ҳамда аллома асарларини замонавий исломшунослик ва фиқҳий-луғавий мезонлар асосида ўрганишнинг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Анжуман якунида тадқиқотчилар томонидан Имом Бухорий меросининг ахлоқий-тарбиявий аҳамияти, “Ал-Адаб ал-муфрад” (“Одобнома”) асарининг мазмуний таҳлили ва жаҳон кутубхоналаридаги манбаларнинг библиографик тавсифи юзасидан илмий хулосалар баён этилди. Тадбир сўнггида фаол иштирокчиларга халқаро даражадаги сертификатлар топширилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
#xabar #muftiy #peshin
Бугун, 1 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги "Масжидул Латиф" жоме масжидида пешин намозини адо этиб, жамоатга манфаатли мавъиза қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари суҳбат аввалида юртимиздаги хайрли диний ислоҳотлар сабаб 150 дан ортиқ янги масжидлар очилгани, 500 га яқин таҳоратхона замонавий таъмирланаётгани ва барча ҳудудларда Қуръон курслари йўлга қўйилаётгани катта неъмат эканини таъкидладилар. Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда шукроналик ҳисси билан яшаб, аҳил-иноқлик ва мусулмонлар иттифоқлигини мустаҳкамлаш ўта муҳим эканига урғу қаратдилар.
Шайх ҳазратлари маърузаларида масжид ва мўмин киши ўртасидаги узвий боғлиқликни ажойиб ўхшатиш билан изоҳлаб, мўмин киши масжидда ўзини худди сувдаги балиқдек эркин ва хотиржам ҳис қилишини, чунки масжид қалбларга сокинлик улашувчи ҳақиқий роҳат маскани эканини қайд этдилар.
Мазмунли суҳбатда ёшлар таълим-тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ва у ерда барпо этилаётган музей мисолида буюк алломаларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиром тилга олинди. Ёшларимиз Имом Бухорий каби улуғ аждодларимизнинг илмга бўлган фидойилиги ва ватанпарварлик фазилатларидан доимо ўрнак олишлари зарурлиги айтиб ўтилди.
Файзли суҳбат якунида Ҳақ таолодан юртимизга тинчлик-омонлик, халқимизга фаровонлик ва фарзандларимиз камоли учун хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати