Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Халқаро академик ҳадис тарихи анжуманлари” лойиҳаси доирасида “Имом Бухорийни қайта кашф этиш” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Марказ, Ҳадис илми мактаби ҳамда Туркиянинг Анқара ва Анқара Йилдирим Боязид университетлари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман ҳадисшунослик соҳасидаги замонавий тадқиқотларни муҳокама қилиш учун халқаро академик платформа вазифасини ўтади.
Форумнинг очилиш маросимида Имом Бухорий илмий меросининг ислом тамаддунидаги алоҳида ўрни ва унинг бугунги кун илм-фан олдидаги юксак аҳамияти алоҳида эътироф этилди.
Илмий анжуман Ўзбекистон ва Туркия илмий доиралари вакиллари иштирокида олти шўбада ташкил этилди.
Конференция давомида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг тарихий контексти, илк ислом даври сиёсий воқеаларининг ҳадислардаги инъикоси ҳамда Самарқанд ва Бухоро ҳадис мактабларининг шаклланиш тарихи илмий далиллар асосида таҳлил қилинди.
Мунозараларда асардаги “Фитан” (“Фитналар”) бобининг тадқиқи, дунё фондларида, хусусан, Истанбулнинг Сулаймония кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзма нусхалар матнларининг қиёсий таҳлили ҳамда “Фатҳул Борий” ва “Умдатул қорий” каби шарҳларнинг методологик хусусиятлари асосий ўрин олди.
Шунингдек, мутахассислар Имом Бухорийнинг ровийларни баҳолашдаги ўзига хос тамойиллари, “Саҳиҳ”да қўлланган “инжоз” (асарга анъанавий ҳадис тўпламларида мавжуд бўлмаган янгича бобларни қўшиш) ва “сулосиёт” (уч ровийли ҳадислар) услубларининг моҳияти ҳамда аллома асарларини замонавий исломшунослик ва фиқҳий-луғавий мезонлар асосида ўрганишнинг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Анжуман якунида тадқиқотчилар томонидан Имом Бухорий меросининг ахлоқий-тарбиявий аҳамияти, “Ал-Адаб ал-муфрад” (“Одобнома”) асарининг мазмуний таҳлили ва жаҳон кутубхоналаридаги манбаларнинг библиографик тавсифи юзасидан илмий хулосалар баён этилди. Тадбир сўнггида фаол иштирокчиларга халқаро даражадаги сертификатлар топширилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.
Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.
Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.
Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.
Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.
Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган.
“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.
Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати – бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.
Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.
Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати