Ҳазрат Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хонадонларида, у зотнинг меҳрибончиликларида вояга етдилар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёшликларидан беҳад севар эдилар, шунинг учун ҳам ҳали ёш бола бўлсалар-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчилардан бўлиб иймон келтирдилар. У зот жуда ёш эдилар, лекин ишқ инсонни шижоатли қилади. У зот ана шу севги шаробидан ичиб, жасур ва баҳодир йигитга айландилар. Ҳазрат Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган ҳар қандай ёвузликка қарши шердек ташланар эдилар. Ана шу ишқ у зотни Ҳазрат Али қилган эди.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Муҳаммаддан келтирган ривоятда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тобутга қўйилганларида Али: «У зотнинг жанозаларига ҳеч ким имом бўлмайди. У зот тирикликларида ҳам, маййитликларида ҳам имомимиздир», дедилар. Одамлар тўп-тўп бўлиб кириб, саф-саф бўлиб, имомсиз жаноза ўқидилар. Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўпараларида туриб: «Ассалому алайка, айюҳаннабийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Аллоҳим! Гувоҳлик берамизки, у зот ўзларига нозил бўлган нарсани бизга етказдилар, умматга насиҳат қилдилар. Аллоҳ динини азиз қилгунича, сўзини олий қилгунича Аллоҳ йўлида жанг қилдилар. Аллоҳим! Бизни у зотга нозил қилган динингга эргашганлардан қилгин. У зотдан кейин бизни саботли қилгин. У зот билан бизни жам қилгин», дедилар.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатингиз қандай?» деб сўрашганда, «Аллоҳга қасамки, у зот бизга молу жонимиздан, бола-чақамиздан, ота-онамиздан ҳам, ташна одамнинг муздек сувга муҳаббатидан ҳам севимлироқлар», деб жавоб берганлар.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати