Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

Мўмин насиҳатни "ерда" қолдирмайди!

14.05.2026   22602   2 min.
Мўмин насиҳатни

Инсонлар ҳаётда бир бирлари билан аҳл иноқ яшашлари динимизда мақталган кўрсатма ҳисобланади.

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг биродаридир, ҳеч бир ҳолатда унинг насиҳатини ерда қолдирмайди”. деганлар.

Динимизда мўминлар бир-бирлари билан ака-ука кабидирлар. Шундай экан, мўминлар ўртасидаги ҳақиқий муносабат туғишган биродарлари билан қиладиган муносабати каби бўлиши керак. Ҳатто зиёдароқ бўлиши даркор. Шу сабабдан биродарини севмоқ, унга гўзал муомала қилмоқ, унинг олдида камтар бўлмоқ, ўзининг ва ака-укасининг обрўсини ҳимоя килгани каби унинг ҳам шарафини ҳимоя қилмоқ мўъминлик, дўстлик шартларидандир.

Бундай аҳилликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари Мадинага борган вақтларида саҳобаи киром ўртасида тадбиқ этилган. Маккада бор-йўғини қолдириб, фақат Аллоҳнинг розилиги учун ҳижрат қилган маккалик муҳожирлар билан уларни қучоқ очиб кутиб олган Мадина халқи – ансорлар орасида юзага келди. 

Исломга ёрдам берганлари учун мадиналик мусулмонлар ансор – ёрдамчи дейилди. Мадиналик ансор маккалик  биродарига бор-йўғини топшириб, ҳақиқий самимийлик муомаласи қилган бўлсалар ҳам, аҳли Маккаликлар ўзларига кўрсатилган бу инсоний биродарликка миннатдорлик билдириш билан бирга, биродарларига ортиқча юк бўлмаслик учун савдо-сотиқ билан шуғуллана бошладилар. Бироз вақтдан сўнг эса уларнинг ўзлари бошқа муҳтожларга ёрдам бера бошладилар. Улардан бири ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Шом сафаридан келган савдо молларини туялари билан бирга Мадина камбағалларига эҳсон қилганлар.

Маълумки, инсон нуқсондан холи эмас. Аммо мусулмон ўз биродаридаги баъзи камчиликларни шартта юзига солмайди. Балки муносиб бир вақтда муносиб бир сўз билан ҳамда танҳо бир жойда айтади ва насиҳат қилади. Биродарининг хатою камчиликларини ошкор айтиш жоҳилларнинг ҳаракатидир. 

Зеро, бунинг фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлади. Чунки ўртада ҳасад, гина-адоват, жанжаллар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун насиҳат қилувчилар, мутлақ танҳо бир жойда, ширин тил билан ўзининг камчиликларини ҳам бироз мисол келтириб, уни ўзидан совутиб, узоқлаштирмайдиган даражада ўгит беришлари лозим. Ҳар ҳолда, барчамиз насиҳатга муҳтожмиз.

Яратган бир-биримизни  тўғри йўлга чақиришимиз ҳам динимиз амри, ҳам дунёю охиратимизнинг саодати учун зарурдир. Барчамизга шундай гўзал хулқ эгаси бўлишимизни насиб айласин.

 

Кенжабек Солиев, 
Чуст туман “Ғойиб эронлар” жоме масжиди имом-хатиби.

Бошқа мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   40605   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ