Ислом дини сабр ва шукрни инсон ҳаётининг асосий устунларидан деб билади. Сабр — қийинчилик пайтида бардош қилиш, гуноҳдан тийилиш ва тоатда саботли бўлишдир. Шукр эса Аллоҳ берган неъматларни қадрлаш, тил билан ҳам, қалб ва амал билан ҳам миннатдорлик билдиришдир. Бу икки хислат мўминнинг имонини мустаҳкам қилади.
Қуръондан далиллар Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Бақара сураси, 153-оят).
Бу оят сабрнинг қанчалик улуғ мақомга эга эканини кўрсатади.
Яна бир оятда: “Агар шукр қилсангиз, албатта сизларга (неъматимни) зиёда қиламан” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Бу оят шукр қилиш неъматнинг ортишига сабаб бўлишини билдирмоқда.
Ҳадис
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида айтганлар: “Мўминнинг иши ажойибдир. Унга яхшилик етса — шукр қилади, бу унинг учун яхшилик; агар мусибат етса — сабр қилади, бу ҳам унинг учун яхшилик”.
Бу ҳадис сабр ва шукр мўмин ҳаётининг ҳар икки ҳолатида ҳам фойдали эканини кўрсатади.
Сабрнинг турлари
Тоатда сабр — намоз, рўза ва бошқа ибодатларда бардавом бўлиш.
Гуноҳдан сабр — ҳаром ишлардан ўзини тийиш.
Мусибатда сабр — қийинчилик ва синовларда сабот қилиш.
Шукрнинг кўринишлари
Қалб билан шукр — Аллоҳ берган неъматларни тан олиш.
Тил билан шукр - “Алҳамдулиллаҳ” дейиш.
Амал билан шукр - неъматни яхшилик йўлида ишлатиш.
Шукр қилган инсоннинг ҳаётида барака ортади, қалби хотиржам бўлади.
Ибратли воқеа
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида оғир синовлар бўлган: очлик, таъқиб, яқинларининг вафоти. Лекин у зот доимо сабр қилганлар ва Аллоҳга шукр айтганлар. Тоиф воқеасида ҳам душманларидан озор кўрганларида, у зот дуо қилиб, сабр қилганлар. Бу - ҳақиқий сабр намунасидир.
Хулоса
Сабр - қийинчиликларда қалбни мустаҳкамлайди, шукр эса неъматларни зиёда қилади. Мўмин инсон ҳаётида ҳам сабр, ҳам шукр билан яшаши керак. Сабрсиз имон мукаммал бўлмайди, шукрсиз неъмат бардавом бўлмайди.
Сабр ва шукр - жаннат йўлидаги икки нурдир.
Мусохон Аббасиддинов,
Наманган шаҳар “Боқи полвон” жоме масжиди имом-хатиби.
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати