Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

Сабр ва шукрнинг кўринишлари

14.05.2026   22477   2 min.
Сабр ва шукрнинг кўринишлари

Ислом дини сабр ва шукрни инсон ҳаётининг асосий устунларидан деб билади. Сабр — қийинчилик пайтида бардош қилиш, гуноҳдан тийилиш ва тоатда саботли бўлишдир. Шукр эса Аллоҳ берган неъматларни қадрлаш, тил билан ҳам, қалб ва амал билан ҳам миннатдорлик билдиришдир. Бу икки хислат мўминнинг имонини мустаҳкам қилади.

Қуръондан далиллар Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Бақара сураси, 153-оят).

Бу оят сабрнинг қанчалик улуғ мақомга эга эканини кўрсатади.

Яна бир оятда: “Агар шукр қилсангиз, албатта сизларга (неъматимни) зиёда қиламан” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Бу оят шукр қилиш неъматнинг ортишига сабаб бўлишини билдирмоқда.
Ҳадис

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида айтганлар: “Мўминнинг иши ажойибдир. Унга яхшилик етса — шукр қилади, бу унинг учун яхшилик; агар мусибат етса — сабр қилади, бу ҳам унинг учун яхшилик”.

Бу ҳадис сабр ва шукр мўмин ҳаётининг ҳар икки ҳолатида ҳам фойдали эканини кўрсатади.
Сабрнинг турлари

Тоатда сабр — намоз, рўза ва бошқа ибодатларда бардавом бўлиш.

Гуноҳдан сабр — ҳаром ишлардан ўзини тийиш.

Мусибатда сабр — қийинчилик ва синовларда сабот қилиш.

Шукрнинг кўринишлари

Қалб билан шукр — Аллоҳ берган неъматларни тан олиш.

Тил билан шукр - “Алҳамдулиллаҳ” дейиш.

Амал билан шукр - неъматни яхшилик йўлида ишлатиш.

Шукр қилган инсоннинг ҳаётида барака ортади, қалби хотиржам бўлади.

Ибратли воқеа

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида оғир синовлар бўлган: очлик, таъқиб, яқинларининг вафоти. Лекин у зот доимо сабр қилганлар ва Аллоҳга шукр айтганлар. Тоиф воқеасида ҳам душманларидан озор кўрганларида, у зот дуо қилиб, сабр қилганлар. Бу - ҳақиқий сабр намунасидир.

Хулоса
Сабр - қийинчиликларда қалбни мустаҳкамлайди, шукр эса неъматларни зиёда қилади. Мўмин инсон ҳаётида ҳам сабр, ҳам шукр билан яшаши керак. Сабрсиз имон мукаммал бўлмайди, шукрсиз неъмат бардавом бўлмайди.

Сабр ва шукр - жаннат йўлидаги икки нурдир.


Мусохон Аббасиддинов,
Наманган шаҳар “Боқи полвон” жоме масжиди имом-хатиби.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Жиззахда 35 нафар боланинг хатна тўйи ўтказилди

14.08.2026   42239   1 min.
Жиззахда 35 нафар боланинг хатна тўйи ўтказилди

Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.

Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.

Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати

Янгиликлар