Робиъа ибн Каъб розияллоҳу анҳу Aллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашган кунини бундай ҳикоя қилади:
«Қалбим иймон нури билан чароғон бўлганида ёшгина йигитча эдим. Илк марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришга мушарраф бўлганимдаёқ у зотни жуда қаттиқ яхши кўриб қолдим, бутун фикр-зикримни Aллоҳнинг Пайғамбарига бўлган муҳаббат эгаллаб олди.
Бир куни хаёлимга бундай фикр келиб қолди: «Эй Робиъа, Пайғамбар алайҳиссаломнинг хизматларига бормайсанми? Aгар таклифингни қабул қилсалар, ҳамиша ёнларида юриб, суҳбатларидан баҳраманд бўлардинг, дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритардинг». Шу заҳоти умид билан Фахри коинот ҳузурларига бордим, хизматларини қилмоқчилигимни айтдим. У зот умидимни йўққа чиқармадилар, ходимликка олдилар.
Шу кундан бошлаб Ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломдан бир қадам ҳам узоққа кетмадим, қаерга борсалар, ҳамроҳ бўлдим. Нигоҳлари тушиши билан ҳузурларига чопиб бораман. Бирор нарсага эҳтиёжлари бўлса, бажаришга шошаман. Кун бўйи бирга бўлиб, хизматларини қиламан. Хуфтон намозидан сўнг уйларига кириб кетганларида мен ҳам қайтмоқчи бўлардим, аммо бир фикр кетишдан тўсиб турарди: «Қаёққа борасан? Мабодо тунда Расули акрамнинг ишлари чиқиб қолса-чи?» деб ўйлаб, эшик ёнида тонг оттирар эдим».
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ажойиб одатлари бор эди: бир яхшилик қилган кишига унинг яхшилигини ўн чандон қилиб қайтарар эдилар. У зот менинг хизматларимни ҳам тақдирламоқчи бўлиб, ҳузурларига чорладилар. Борсам, у зот:
– Робиъа, мендан бирор нарса сўра, – дедилар.
Мен нима сўрашни билмай ўйланиб қолдим:
– Ё Aллоҳнинг Расули, менга бироз муҳлат беринг, олдин ўйлаб олай, кейин нима кераклигини айтаман.
У зот маъқулладилар.
Ўшанда на оилам, на мол-дунёим, на уй-жойим бор эди. Ўзимга ўхшаган фақир мусулмонлар қатори масжиднинг супасида кун кечирар эдим. Одамлар бизни «Ислом меҳмонлари», «аҳли суффа» деб аташарди. Ким Пайғамбар алайҳиссаломга садақа-эҳсон олиб келса, ҳаммасини бизга юборардилар, кимдан ҳадя олсалар, арзимаган қисмини олиб қолиб, қолганини «Ислом меҳмонлари»га тарқатар эдилар.
Ўйлай-ўйлай, «Пайғамбар алайҳиссаломдан мол-дунё сўрасаммикин, қашшоқликдан қутулиб, бошқаларга ўхшаб, ҳовли-жой, бола-чақа қилардим», деган хаёлга ҳам бордим. Aммо бу фикримдан дарров қайтдим: «Нималар деяпсан, Каъбнинг ўғли? Мол-дунё ўткинчи нарса. Aллоҳ азза ва жалла ризқингни бериб қўйибди, хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам келаверади. Расули акрам Парвардигоримиз ҳузурида шундай мақомга эгаларки, нима сўрасалар, рад этилмайди. Шундан фойдаланиб, Aллоҳдан охират яхшилигини сўрамайсанми?»
Бу фикрдан кўнглим равшан тортди. Хушнуд ҳолатда Сарвари олам жанобимизнинг олдиларига бордим.
– Хўш, нима дейсан Робиъа? – дедилар у зот.
– Ё Aллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Aллоҳ мени жаннатда сизга йўлдош қилсин, – дедим.
– Буни сенга ким ўргатди? – деб сўрадилар.
– Ҳеч ким. Аввал бойлик сўрамоқчи ҳам бўлдим, аммо ўткинчи яхшиликдан абадий неъматни афзал билиб, сиз билан жаннатда бирга бўлишни сўрашни Aллоҳ дилимга солди.
Расули акрам узоқ вақт сукут қилиб қолдилар. Кейин:
– Балки бошқа бирор нарса сўрарсан? – дедилар.
– Йўқ, – дедим қатъий, – менга бошқа нарсанинг кераги йўқ!
– У ҳолда менинг дуоим қабул бўлиши, сенинг талабинг ҳосил бўлиши учун кўп сажда қилгин, – дедилар Сарвари олам.
Шундан кейин янада кўпроқ ғайрат билан ибодат қиладиган бўлдим. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломга дунёда ходим ва суҳбатдош бўлганим каби, охиратда ҳам ҳамроҳликка эришиш иштиёқида эдим».
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ