Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг бизга Ўзининг борлигини исботлаш учун яна бир ақлий далилни келтиради. Қуръони каримда бундай дейилган:
﴿لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا وَمَا تَحْتَ الثَّرَى﴾
“Осмонлар-у ердаги нарсалар, иккисининг ўртасидаги ва тупроқ остидаги нарсалар ҳам Уникидир” (Тоҳа сураси, 6-оят).
Ушбу ояти карима нозил бўлганига ўн тўрт асрдан ошди. Ояти каримадаги “тупроқ остидаги нарсалар” ҳақида кўпчилигимиз фикр юритиб кўрмаган бўлсак керак.
Тупроқ, ер остидаги нарсалар яқин кунларгача биз учун номаълумлигича қолганди. Лекин Аллоҳ таоло бизга унинг остидаги яширин хазиналарни топиб, улардан фойдаланишимизни хоҳлади. Олтин, кумуш, темир каби нафис ва қимматбаҳо маъданларни кашф қилдик.
Аллоҳ таоло кўзимизга кўринмаган нарсалар аслида ҳам йўқ бўлавермаслигига яна бир далил келтирди. Бу дунёда ҳеч ким ер ости бойликларини “мен яратганман” деб айта олмайди. Ҳатто энг катта олимлар ҳам бундай даъвони қила олмайдилар. Нефт конларини, олтин, кумушга ўхшаган қимматбаҳо маъданларни ҳеч ким ихтиро қилмаган.
Ер остида ҳали биз билмаган бойликлар ҳам бордир. Кўзимиз кўрмасада Аллоҳ таоло уларни яратгандан бери улар тупроқ остида турган. Улар яқинда пайдо бўлиб қолмаган, уларни инсон зоти яратмаган. Демак, Аллоҳ таоло бизга яна бир бор ўша ҳақиқатни исботламоқда: кўзимизга кўринмаган нарса аслида ҳам йўқ бўлавермайди.
Тўғри, охират, жаннат, дўзах каби кўзимизга кўримайдиган нарсаларни Аллоҳ таоло идрок этишга бизни чақирмайди. Чунки бунинг бу дунёда иложи йўқ. Лекин бизга борлиқдаги мўжизаларнинг ўзи етарли. Уларни кўриб фикр юритамиз, ақлимизни ишлатамиз. Яхшилаб ўйлаб кўрсак Аллоҳ Ўзининг борлигига бу дунёнинг ўзида жуда кўп ақлий далилларни келтирганини англаймиз.
Демак, кўзимизга кўринмаган нарсалар бор бўлиши ҳам мумкин, деган хулосага келар эканмиз, бу инсонни куфрдан кўра иймонга кўпроқ яқинлаштиради.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен яқинда бир видео кўрдим. Унда хўроз боқиш, айниқса, оқ хўроз боқиш суннат экани, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам уйларида хўроз боққанлари айтилган экан. Шундай мазмунда ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳадис соҳасида етук алломалар хўроз ҳақида келган иккита ҳадис саҳиҳ, аммо бошқалари, хусусан, оқ хўроз ҳақидаги ҳадисларни тўқима ёки ўта заифдир деганлар. Икки ҳадиснинг бирини имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Хўрозни сўкманглар, чунки у намозга уйғотади”, деганлар.
Иккинчисини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан имом Бухорий ва Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хўрознинг қичқиришини эшитсангиз, Аллоҳдан фазл-марҳамат сўранг, чунки у фариштани кўрган”, дедилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази