Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Сентябр, 2026   |   23 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:31
Қуёш
05:53
Пешин
12:22
Аср
16:56
Шом
18:54
Хуфтон
20:11
Bismillah
05 Сентябр, 2026, 23 Рабиъул аввал, 1448

Ислом дунёвий илмларни инкор қилмайди!

19.05.2026   13884   15 min.
Ислом дунёвий илмларни инкор қилмайди!

Дунёвий илмларни Исломдан айириш динимизга бегона, умматимизга хос бўлмаган ҳолат! Ислом уммати шаръий илмларсиз ҳаёт кечиролмаганидек, дунёвий илмларсиз ҳам яшай олмайди.

Ўтган асрларда мусулмонлар “фойдали илм” тушунчасини нотўғри талқин қила бошлашди. Улар онгига фақат шаръий илмлар фойдали деган фикр ўрнашиб қолди. Аслида, дунёвий илм ҳам Китоб ва суннатда мақталган мутлақ илмга киради. Бироқ баъзи инсонлар диний илмларда савоб бор, дунёвий кўринишида эса йўқ, деб тушунишди. Кейинчалик “диний илм”, “дунёвий илм” деган иборалар пайдо бўлди.

“Дунёвий илмлар” деган термин кўпчилик диндорларда Исломдан узоқлаштирувчи илм деган тасаввур уйғотади. Физика, кимё, биология каби фанларга гўёки диндан чалғитиш учун ўқитиладигандек муносабатда бўлишади.

Бу ваҳималар асоссиз, ботил хаёллардир. Агар мўмин ниятни тўғри қилса, физика, кимё, биология каби илмлар орқали ҳам жаннатга кириши мумкин. Дунёвий илмлар мусулмонларни азиз қиладиган диний илмдир.

Пайғамбарларнинг ҳам турли хил касблари бўлган: Одам алайҳиссалом деҳқон, Довуд алайҳиссалом темирчи, Нуҳ ва Закариё алайҳимуссалом дурадгор, Идрис алайҳиссалом тикувчи, Мусо алайҳиссалом чўпон бўлганлар. Улар охират ишини ҳам, ҳиссалом дунё ишини ҳам баробар олиб борганлар.

Умар розияллоҳу анҳу гўзал кўринишли кишиларни кўрса, касби ҳақида сўрар эди, касби бўлмаса, ҳурмати бўлмас эди (Файзул қадир).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Қўлингизда кўчат бўлсаю, қиёмат қоим бўлиб қолса, имкон қадар кўчатни экиб қолинг (Муснади Аҳмад, Адаб ал-Муфрад).

Дунёда фойдалана олмаса ҳам кўчат экишга тарғиб қилдилар, бу дунё кўринишидаги диний иш.

Келинг, бу ёғига дунёвий илмлар иборасини ишлатмаймиз, ўрнига ҳаётий илмлар деб ишлатамиз. Бу илмлар ҳаётимиз фаровонлиги учун Аллоҳ бизга ўрганишни буюрган илмлардир.

Ҳаётий илмлар ер ободлиги, инсоният манфаати, динни олий қилиш, бу умматни азиз қилиш учун йўналтирилса, қандай улуғ илм бўлишига қатъий ҳужжатлар ва далиллар келтирамиз:

Биринчи далил. Инсон Аллоҳнинг ердаги ўринбосари эканини унутиб қўйдими?!

Унутмади, деган жавоб берилади. Ундай бўлса, инсон ердаги ҳаёт илмини билмай туриб, қандай ўринбосарлик қилади?!

Ерда “Аллоҳнинг ўринбосари” бўлган кишига, Роббини таниш, Унга ибодат қилиши, замин табиатини ўрганиши, ундаги неъматлардан бандалар манфаат топмоғини билиши вожиб. Аллоҳ таоло айтади: У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди (Худ сураси, 61-оят).

Демак, “ўринбосарлик”нинг асосий шартларидан бири ерни обод қилиш, ундаги неъматлар билан эҳтиёжларини қондириш экан.

Аллоҳ Одамни яратди, илм билан улуғлади, қадрини баланд қилиб, фаришталарни унга сажда қилдирди. (Аллоҳ) Одам (Ато)га барча номларни ўргатди (Бақара сураси, 31-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оят тафсирида айтади: “Ҳамма нарсанинг номларини, тоғ, дарахт, денгиз, хурмо, ҳайвонлар номларини ўргатган” (“Тафсир Ибн Касир”).

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга ерда яшаш учун зарур бўлган табиат илмларини ўргатган. Фаришталар табиат илмини билишмаган, чунки улар ерда ўринбосар эмас эдилар. Уларда бу илмларга эҳтиёж ҳам йўқ эди.

Одам алайҳиссалом шаръий илмлар билан бирга ҳаётий илмларни ҳам биларди. Инсон ҳаётий илмга эътиборсиз бўлса, “ўринбосарлик” ишида қусурлик пайдо бўлади. Бу камчилик динини фаҳмлаган мўминга ярашмайди.

Иккинчи далил. Аллоҳ таоло шаръий илмларни мукаммал қилган: “Ана, энди бугун Динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Ислом дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Дин илми ўзгармас бўлиб қолди. Бу шаръий илм ҳукмидир. Аммо, ҳаётий илмлар мукаммал эмас, қиёматгача янги-янги кашфиётлар чиқаверади. Баъзи илмий ҳақиқатлар юз йиллаб яшайди. Янгиси юзага чиқиши билан аввалгиси тан олинмайди. Аллоҳ Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Токи уларга у (Қуръон)нинг ҳақ экани аниқ маълум бўлгунича, албатта, Биз уларга атрофдаги ва ўз вужудларидаги аломатларимизни кўрсатажакмиз...” (Фуссилат сураси, 53-оят).

Оят “кўрсатажакмиз” тарзида, яъни, келаси замонда келган, демак, ҳаётий илмлар тобора янгиланиб бораверади. Биз мусулмонлар бу илмларни пухта ўзлаштиришимиз керак.

Учинчи далил. Баъзи фиқҳий масалалар борки, фақиҳлар уларни ҳалол ёки ҳаром дейиш учун соҳа мутахассисларининг фикрига эҳтиёж сезади. Демак, ҳаётий илмнинг моҳир мутахассиси баъзи фиқҳий масалани ечишда ёрдам беради. Шунингдек, янги даврда юзага келган турли масалаларни ечишда иқтисодчи, ишбилармонларнинг ҳиссаси бор.

Фақиҳлар мутахассис фикрисиз ҳукм чиқаришса, масалада бирор шаръий узр бўлиши мумкин. Иқтисодий масалада иқтисодчига, тиббий масалада ҳозиқ табибга муҳтожмиз.

Тиббиётда шундай нозик нуқталар борки, фақиҳ уламо уларни билмаслиги табиий. “Инсон аъзосини бошқа инсонга кўчириш”, “гўзаллик учун амалиёт қилиш”, “бачадонга бола урчитиб қўйиш” каби замонавий тиббий масалаларни фақиҳ ҳозиқ табиб билан бирга ўрганиши лозим. Тиббиётни инсонга хизмати, фақиҳларнинг тўғри фатво чиқаришига қўшган ҳиссаси жиҳатидан жаннатга олиб борувчи фан десак, хато бўладими?!

Мусулмонлар ҳаётий илмларни эгаллаб, Аллоҳнинг шариатини чуқурроқ англайдилар. Аллоҳнинг динини Аллоҳ яхши кўргандек татбиқ қиладилар.

Тўртинчи далил. Ҳаётий илмлар Аллоҳ таолони танишга йўлдир. Қуръони каримда борлиқ ҳақида тафаккур қилишга юзлаб чақириқлар келган. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамлар учун фойдали нарсалар ортилган кемаларнинг денгизда сузишида, Аллоҳ осмондан тушириб, у сабабли “ўлик” ерни тирилтирган сувда, турли жонзотларни унда (ерда) тарқатиб қўйишида, шамолларни (турли томонга) йўналтиришида ва осмон билан Ер орасидаги итоатли булутда ақлни ишлатадиган кишилар учун аломатлар (Аллоҳнинг қудратига далиллар) бордир” (Бақара сураси, 164-оят).

Шу каби кўплаб оятлар кишини борлиқ ҳақида тафаккурга чақиради. Борлиқни англаган сари мўминнинг Аллоҳга бўлган иймони зиёда бўлади. Оламлар Роббини янада улуғлайди, буюклигини эътироф этади. Сув, наботот, ҳайвонот, инсон илмлари Аллоҳдан қўрқишга сабаб бўлади.

Ғарб олими Эйнштейн борлиқни тафаккур қилиб “нисбийлик назарияси”ни кашф қилгандан кейин, Яратувчи борлигини тан олди: “Бу борлиқ ортида мен билмаган бир куч бор”.

Бешинчи далил. Ҳаётий илмлар оятлар ва суннатни яхши англашга хизмат қилади. Қанча-қанча ихтиро ва кашфиётлар ваҳийнинг мўъжизалигини очиб берди. Масалан, Набаъ сурасининг 6-7-оятларини олайлик: “Биз Ерни тўшак қилиб қўймадикми?! Тоғларни эса (Ерни тутиб турувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!”.

Бу икки оятни олдинги уламолар маълум бир тушунчада шарҳлаган, илм-фан ривожлангандан кейин тамоман бошқа маънода талқин қилина бошлади.

Доктор Зағлул Нажжор мазкур оят тафсирида айтади: “Аллоҳ тоғларни қозиқ қилгани хабарини бермоқда. Бу эса бу баланд тоғлар ер литосферасининг ичида узун илдизи борлигини билдиради. Чунки қозиқнинг асосий қисми ер тагида бўлади, унинг вазифаси чодирни маҳкам ушлаб туриш бўлганидек, тоғларнинг вазифаси ҳам ерни маҳкам ушлаб туришдир.

Бу ҳақиқатни замонавий илм яқинда кашф қилди, тоғларнинг ер остида илдизи узун экани аниқланди. “Қозиқ” сўзи илмий жиҳатдан ҳам, луғавий жиҳатидан ҳам замон олимлари ишлатаётган “илдиз” сўзидан кўра нозикроқ маъноларни ифода қилади”.

Доктор Зағлул Нажжор Англиянинг тиббиёт университетида маъруза ўқийди. Маърузадан сўнг ундан: Қиёмат яқинлашди. (Мана) ой ҳам бўлинди (Қамар сураси, 1-оят) ояти Аллоҳнинг Китобидаги илмий мўъжизаси бўла оладими, деб сўрашди.

Доктор бу Қуръондаги минглаб мўъжизалардан бири эканини яқинда фан ҳам исбот қилганини айтди. Шунда бир англиялик киши сўзлашга изн сўраб, ўзини таништирди.

Маълум бўлишича, у Довуд Мусо Педкок исмли киши бўлиб, у юқоридаги оят сабабли мусулмон бўлганини айтади. Айтишича, бир мусулмон таниши унга Қуръон маъноларининг таржимасини совға қилган экан. Қамар сурасини ўқиган Педкок ундаги Ой ёрилгани ҳақидаги оятга ишонмай Қуръонни ёпиб қўяди. Кунларнинг бирида ВВС каналида америкалик фазо олимлари иштирокидаги кўрсатувни кўриб қолади. Унда олимлар Ойни ўрганиш тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа қатор соҳаларда яхши самара берганини айтишади.

Журналист олимлардан: Ой ростдан ёрилганми? деб сўрайди. Олимлар Ой ёрилиб, яна уланганини эътироф этади. Педкок дарров Қуръонни очиб, илк ўқиган, лекин ишонмаган оятга қарайди. Айнан ўша оят унинг мусулмон бўлишига сабаб бўлади.

Албатта, Қуръон ва суннат ажойиботлари тугамайди. Биз бу икки масдарнинг сирларини очадиган олимларга муҳтожмиз.

Олтинчи далил. Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳар бир соҳада етук бўлишга буюради. Табиийки, ишни пухта билувчилар пешқадам ҳисобланишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васаллам айтадилар: Аллоҳ ҳар бир ишни гўзал адо қилишга буюрган… (Имом Муслим ривояти).

“Ҳар бир иш” деганда шаръий илмларда ҳам, ҳаётий илмларда ҳам пешқадам бўлиш тушунилади.

Аллоҳ Китобида бошлиқликни Толутга берганини ҳикоя қилади, бунинг сабабини унга илм ва жисмда зиёдалик бергани билан изоҳлайди. Толутга берилган илм фақатгина шаръий илм эмасди. Унга қўмондонлик, сиёсат каби илмлар ҳам берилган эди. Толут замонида пайғамбар ҳам бор эди, шубҳасиз, у шаръий илмларни ваҳий орқали биларди. Лекин қўшинни бошқариш учун ҳаётий илмларни билувчи мутахассис юборилди. “Уларга пайғамбарлари: “Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ этиб юборди”, деди” (Бақара сураси, 247-оят).

Юсуф алайҳиссаломга Мисрда вазирлик таклиф қилинганда: “(Юсуф) деди: “Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ва (ўз ишини пухта) билувчидирман (Юсуф сураси, 55-оят).

Қаранг, Юсуф алайҳиссалом катта амалга дарҳол рози бўлмади, балки қўлидан келадиган вазифани сўрамоқда. У зотнинг “билувчидирман” дейиши динни ёки ваҳийни эмас, ер ва деҳқончилик илмларини билувчиман деганидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғ саҳобий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни “Зотул салосил” юришига қўмондон қилдилар. Ваҳоланки, қўшинда буюк саҳобалар кўп эди. Амр мусулмон бўлганига энди беш ой бўлган, шаръий илмларни бошқа саҳобалардай билмаса ҳам жанг илмини, ўша жой стратегиясини яхши биларди. Пайғамбар алайҳиссалом у ҳақида: “У жанг маҳоратини яхши билгани учун уни бош қилдим”, деганлар (Суютий, “Тарихи хулофо”).

Амр ибн Ос бош қўмондон қилиб тайинланиши Пайғамбаримиз алайҳиссалом мукаммал ҳаётий илмни қанчалар қадрлаганлари нишонасидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Қуръон тиловатини етук саҳобалардан ўрганишга буюрдилар. Жумладан: “Қуръонни тўрт кишидан Ибн Умму Абддан (Абдуллоҳ ибн Масъуддан), Муоз ибн Жабалдан, Убай ибн Каъбдан, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан ўрганинглар” (Имом Бухорий, имом Муслим ривояти).

Мазкур тўрт саҳобийни тақвода, зуҳдда пешқадамлиги учун эмас, балки Қуръон илмида моҳирлиги, қироат турларини яхши билганлари учун тавсия қилдилар.

Билол розияллоҳу анҳуга азон айтиш буюрилгани унинг намози, рўзаси учун эмас, балки овози баланд ва гўзал бўлгани сабабдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам азон калималарини тушида эшитган Абдуллоҳ ибн Зайдни муаззин этиб тайинламади, балки унга: “Бу ҳақ тушдир, Билолга бу калималарни айтиб тур, у азонни айтсин, у овози баланд инсондир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, тиб илмида ҳам энг моҳир табибдан даволаш талаб этилади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ “Муватто”да ривоят қилади: “Бир саҳобий жароҳат олди, Расулуллоҳ Бани Анмордан икки кишини чақиртирди, “Қайси бирингиз табобатда моҳирроқсиз?” деб сўрадилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, тиббиётда ҳам яхшилик борми?” деди. У зот “Касалликни туширган давосини ҳам туширган!” дедилар.

Ишини яхши билмаган мутахассис фойда бериш ўрнига зарар келтириб қўяди. Фиқҳ китобларида айтилишича, касбини яхши билмаган табиб беморга зиён етказса, зарарни ўзи тўлайди ва жавобгар бўлади. Лекин ҳозиқ табиб беморни даволаш жараёнида зарар етказса, жавобгар бўлмайди ва унга жазо берилмайди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинади: Тиббиётни яхши билмай туриб табиблик қилган шахс зарарни тўловчидир (Имом Абу Довуд,имом Насоий, имом Ибн Можа ривояти).

Фақиҳ, табиб, файласуф Ибн Рушд айтади: Табиб ҳозиқ бўлса, етказган зарарини тўламайди: беморни ўлдириб ёки бирор аъзосига шикаст етказса ҳам. Табиб табобатда нўноқ бўлса, дарра урилади, қамаб қўйилади, хун тўлатилади (Бидаятул мужтаҳид).

Еттинчи далил. Ислом кўркўрона тақлид қилиш, далил исботларга эътиборсиз бўлишдан қайтаради. Аллоҳ таоло қўр-кўрона тақлид қилишни қоралаб айтади: “Уларга (мушрикларга): Аллоҳ нозил этган (оятлар)га эргашинглар! дейилса, улар: “Йўқ, биз отабоболаримизни не узра топган бўлсак, ўшанга эргашамиз, дейдилар. Ота-боболари гарчи ҳеч нарсага ақллари етмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлсаларчи?! (Бақара сураси, 170-оят).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Одамлар яхшилик қилса, яхшилик қиламиз, ёмонлик қилса, ёмонлик қиламиз, деманглар. Ўзларингни яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришга, ёмонлик қилганларга зулм қилмасликка ўргатинглар (ИмомТермизий ривояти).

Аллоҳ инсонни ақл неъмати билан сийлади. Инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам шунда. Демакки, Ислом ақа воситаси ила гумроҳликдан, мутаассибликдан халос бўлишга чақиради. Кимки тафаккур қилмаса, фикрлашдан тўхтаса, Исломга хилоф қилган бўлади.

Жорж Сартон айтади: “Ўрта асрларда мусулмонлар ҳақиқатда илмда пешқадам эди, энг ноёб асарлар араб тилида ёзилган. VIII асрдан ХI асргача илм тили араб тили эди, маърифатли бўламан деган одам албатта бу тилни ўрганар эди (Ҳассон Шамсий Бошо. “Ҳаказа кану явма кунно).

Хулоса шуки, ҳар бир соҳада етук мутахассис бўлиши керак. Бунинг учун илм, маҳорат, тажриба зарур. Ўз соҳасини мукаммал билмайдиган киши қанчалик тақводор бўлмасин, ундан маслаҳат олинмайди, унга ишонч билдирилмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деҳқончилик, тиббиёт, тижорат, қўмондонлик ва бошқа соҳаларнинг билимдонларини қадрлаганлар. Аслида, Ислом бизга шундан ҳам таълим беради. Бироқ, сўнгги асрларда динни нотўғри тушуниш ва талқин қилиш мусулмон ларни ҳозирги вазиятга солиб қўйди.

"Ислом ва олам" китобидан олинди

 

Бошқа мақолалар

МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

04.09.2026   39402   8 min.
МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.

Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!

Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.

Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.

Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.

Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:

1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.

2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.

Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.

Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).

Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:

⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.

⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.

⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.

⏺ Ғарқ бўлганлар.

⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).

⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.

⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.

⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.

⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.

⏺ Жума кечаси вафот топганлар.

⏺ Сил касалидан ўлганлар.

⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.

⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.

⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.

⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.

⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.

⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.

⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.

⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.

⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.

⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.

⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.

⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.

⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.

⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.

⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.

⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.

⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.

⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.

⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.

Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.

Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Ботил даъволарга асосли раддиялар” китоби асосида тайёрланди.