Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Оқил - айбини тан олади, аҳмоқ - хатосини оқлайди

19.05.2026   14546   3 min.
Оқил - айбини тан олади, аҳмоқ - хатосини оқлайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Оқил хато қилса – афсусланади, аҳмоқ хато қилса – сафсата сотади.

Бу икки мисра инсон табиати, унинг маънавий даражаси ва ҳаётга муносабатини жуда теран ифода этади. Хато – инсон зотига хос. Аммо уни қандай қабул қилиш ва ундан қандай хулоса чиқариш – ҳар кимнинг ақли ва қалбига боғлиқ.

Ислом таълимотида ҳам хато қилиш айб эмас, балки ундан тавба қилмаслик ва сабоқ олмаслик айб экани таъкидланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва покланувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 222-оят).

Бу оятда инсоннинг хатодан қайтиши, афсусланиб, ўзини тузатиши Аллоҳ наздида қадрли экани очиқ баён этилган. Демак, оқил инсон хато қилганда уни тан олади, қалбида надомат туғилади ва тўғри йўлга қайтишга ҳаракат қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Барча одам боласи хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг энг яхшилари тавба қилувчиларидир” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадис инсоннинг комиллиги хатосизликда эмас, балки хатодан кейинги ҳолатида эканини кўрсатади. Оқил киши ўз айбини тан олиб, уни тузатишга интилса, аҳмоқ эса ўз хатосини оқлаш, ҳатто уни ҳақиқат деб кўрсатишга уринади.

Халқимизда шундай мақол бор: “Айбини билган донишманд, айбини яширган нодон”. Бу ҳикматли сўзлар юқоридаги фикрларнинг халқона ифодасидир. Чунки айбини тан олган инсон ўзини тарбия қилиш имконига эга бўлади. Айбини инкор этган эса ўз камчилиги билан яшашда давом этади. Яна бир ҳикматда айтилади: “Нодоннинг тили узун, ақллининг эса йўли узун”. Аҳмоқ инсон кўп гапиради, баҳона топади, сафсата сотади. Аммо оқил инсон ортиқча сўздан қочиб, амал билан ўзини исботлайди.

Хато бу йиқилиш эмас, балки туриш учун берилган имкониятдир. Оқил инсон ҳар бир хатосини ўқитувчи деб билади. У ўзини таҳлил қилади, камчиликларини англайди ва янада мукаммал бўлишга интилади. Аҳмоқ эса хатосини тан олмасдан, бошқаларни айблаш билан овора бўлади. Шу боис, ҳар биримиз ўз нафсимизни сўроққа тутишни ўрганишимиз лозим. Чунки ҳақиқий камолот ўз хатоларини тан олиш ва улардан сабоқ чиқаришдадир. Ҳаёт йўлида адашмаслик учун инсонга ақл, виждон ва тавба эшиги берилган. Бу эшикни оча билган инсон бахтли инсон.

Хулоса қилиб айтганда, оқиллик хатосизликда эмас, балки хатодан тўғри хулоса чиқаришдадир. Аҳмоқлик эса хатони тан олмаслик ва уни сафсата билан беркитишдир. Инсонни улуғлайдиган нарса унинг тавозеси ва ўзини ислоҳ қилишга бўлган интилишидир.

Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа)

10.08.2026   6535   1 min.
Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.


Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.


Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.


Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.


Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа)
Ўзбекистон янгиликлари