Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Оқил - айбини тан олади, аҳмоқ - хатосини оқлайди

19.05.2026   15780   3 min.
Оқил - айбини тан олади, аҳмоқ - хатосини оқлайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Оқил хато қилса – афсусланади, аҳмоқ хато қилса – сафсата сотади.

Бу икки мисра инсон табиати, унинг маънавий даражаси ва ҳаётга муносабатини жуда теран ифода этади. Хато – инсон зотига хос. Аммо уни қандай қабул қилиш ва ундан қандай хулоса чиқариш – ҳар кимнинг ақли ва қалбига боғлиқ.

Ислом таълимотида ҳам хато қилиш айб эмас, балки ундан тавба қилмаслик ва сабоқ олмаслик айб экани таъкидланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва покланувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 222-оят).

Бу оятда инсоннинг хатодан қайтиши, афсусланиб, ўзини тузатиши Аллоҳ наздида қадрли экани очиқ баён этилган. Демак, оқил инсон хато қилганда уни тан олади, қалбида надомат туғилади ва тўғри йўлга қайтишга ҳаракат қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Барча одам боласи хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг энг яхшилари тавба қилувчиларидир” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадис инсоннинг комиллиги хатосизликда эмас, балки хатодан кейинги ҳолатида эканини кўрсатади. Оқил киши ўз айбини тан олиб, уни тузатишга интилса, аҳмоқ эса ўз хатосини оқлаш, ҳатто уни ҳақиқат деб кўрсатишга уринади.

Халқимизда шундай мақол бор: “Айбини билган донишманд, айбини яширган нодон”. Бу ҳикматли сўзлар юқоридаги фикрларнинг халқона ифодасидир. Чунки айбини тан олган инсон ўзини тарбия қилиш имконига эга бўлади. Айбини инкор этган эса ўз камчилиги билан яшашда давом этади. Яна бир ҳикматда айтилади: “Нодоннинг тили узун, ақллининг эса йўли узун”. Аҳмоқ инсон кўп гапиради, баҳона топади, сафсата сотади. Аммо оқил инсон ортиқча сўздан қочиб, амал билан ўзини исботлайди.

Хато бу йиқилиш эмас, балки туриш учун берилган имкониятдир. Оқил инсон ҳар бир хатосини ўқитувчи деб билади. У ўзини таҳлил қилади, камчиликларини англайди ва янада мукаммал бўлишга интилади. Аҳмоқ эса хатосини тан олмасдан, бошқаларни айблаш билан овора бўлади. Шу боис, ҳар биримиз ўз нафсимизни сўроққа тутишни ўрганишимиз лозим. Чунки ҳақиқий камолот ўз хатоларини тан олиш ва улардан сабоқ чиқаришдадир. Ҳаёт йўлида адашмаслик учун инсонга ақл, виждон ва тавба эшиги берилган. Бу эшикни оча билган инсон бахтли инсон.

Хулоса қилиб айтганда, оқиллик хатосизликда эмас, балки хатодан тўғри хулоса чиқаришдадир. Аҳмоқлик эса хатони тан олмаслик ва уни сафсата билан беркитишдир. Инсонни улуғлайдиган нарса унинг тавозеси ва ўзини ислоҳ қилишга бўлган интилишидир.

Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   40252   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари