Бугунги кунда глобаллашув, мафкуравий хуружлар ва ташқи таҳдидлар ҳақида кўп ва мўл тарғибот олиб борилмоқда. Лекин каттароқ душман уйимизда — бефарқлик ва маънавий қашшоқлик қиёфасида ин қуриб олаётганини сезмай қолаётанимизни тан олишимиз лозим бўлади.
Бугун бир ёш йигитнинг ёт ғоялар гирдобига тушиши ёки жиноят кўчасига кириб қолиши — шунчаки адашиш эмас, бу унга ота-онаси томонидан берилган "маънавий тарсаки"дир.
Боланинг қалби оппоқ вароқ унга сиз ва устозлари турли чизгилар чизасиз, бу вароқни сиз эзгулик билан тўлдирмадингизми, демак, уни албатта ёвузлик эгаллайди. Бунда табиат ҳам, ҳаёт ҳам бўшлиқни суймайди!
Афсуски, баъзиларимиз хонадонимизда ўзимиз фарзандларимиз учун китоб жавонини тўлдиришдан кўра, меҳмонхонамиздаги хрусталлар сони ва сифатини орттиришни ёқтирамиз.
Нима учун фарзандимизнинг маърифатига эмас, балки қўшнининг олдидаги "обрўйимиз" учун йиллаб пул йиғамиз?
Нима учун исрофгарчиликка тўла дабдабали тўйларни "орзу-ҳавас" деб атаймиз-у, фарзанд таълими учун сарфланган маблағни "харажат" деб биламиз?
Шуни унутмайликки, тўйдаги дастурхоннинг ҳашами бир кунда унутилади, аммо боланинг онгидаги илмсизлик заҳри бир умрга муҳрланади.
"Калтакнинг икки учи бор" дейишади. Бугун фарзандига вақт ажратмаган ота-она, эртага унинг қилмишлари учун нафақат мол-дунёси, балки бутун бошли ғурури ва соғлиғи билан товон тўлайди. Чойхонадаги гурунглар ва тўйхонадаги мақтанишлар билан чекланган дунёқараш бизни фақат орқага, жаҳолат ботқоғига тортади.
Ҳа, фарзанднинг тарбиясига тикилмаган сармоя — эртага унинг хатоларини ёпиш учун совуриладиган минг чандон кўп маблағ демакдир.
"Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!" Бу хитоб бугун ҳар бир ота-онанинг қулоғи остида бонг уриши шарт! Зеро, биз бугун фарзандимизга китоб бермасак, эртага улар ўзимиздами ўзга давлатдами энг кам ҳақ олинадиган ишларда ишлашга мажбур бўлишади. Фарзанд тарбиясига бепарволик — нафақат оилага, балки миллат ва келажакка қилинган энг оғир хиёнатдир!
Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп туман “Кичик Хўжаобод” жоме масжиди имом ноиби тайёрлади
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати