Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Тарбиядаги бепарволик — келажакка хиёнат эмасми?

19.05.2026   12897   2 min.
Тарбиядаги бепарволик — келажакка хиёнат эмасми?

Бугунги кунда глобаллашув, мафкуравий хуружлар ва ташқи таҳдидлар ҳақида кўп ва мўл тарғибот олиб борилмоқда. Лекин каттароқ душман уйимизда — бефарқлик ва маънавий қашшоқлик қиёфасида ин қуриб олаётганини сезмай қолаётанимизни тан олишимиз лозим бўлади.
Бугун бир ёш йигитнинг ёт ғоялар гирдобига тушиши ёки жиноят кўчасига кириб қолиши — шунчаки адашиш эмас, бу унга ота-онаси томонидан берилган "маънавий тарсаки"дир.

Боланинг қалби оппоқ вароқ унга сиз ва устозлари турли чизгилар чизасиз, бу вароқни сиз эзгулик билан тўлдирмадингизми, демак, уни албатта ёвузлик эгаллайди. Бунда табиат ҳам, ҳаёт ҳам бўшлиқни суймайди!

Афсуски, баъзиларимиз хонадонимизда ўзимиз фарзандларимиз учун китоб жавонини тўлдиришдан кўра, меҳмонхонамиздаги хрусталлар сони ва сифатини орттиришни ёқтирамиз.
​Нима учун фарзандимизнинг маърифатига эмас, балки қўшнининг олдидаги "обрўйимиз" учун йиллаб пул йиғамиз?

Нима учун исрофгарчиликка тўла дабдабали тўйларни "орзу-ҳавас" деб атаймиз-у, фарзанд таълими учун сарфланган маблағни "харажат" деб биламиз?

​Шуни унутмайликки, тўйдаги дастурхоннинг ҳашами бир кунда унутилади, аммо боланинг онгидаги илмсизлик заҳри бир умрга муҳрланади.

"Калтакнинг икки учи бор" дейишади. Бугун фарзандига вақт ажратмаган ота-она, эртага унинг қилмишлари учун нафақат мол-дунёси, балки бутун бошли ғурури ва соғлиғи билан товон тўлайди. Чойхонадаги гурунглар ва тўйхонадаги мақтанишлар билан чекланган дунёқараш бизни фақат орқага, жаҳолат ботқоғига тортади.

Ҳа, ​фарзанднинг тарбиясига тикилмаган сармоя — эртага унинг хатоларини ёпиш учун совуриладиган минг чандон кўп маблағ демакдир.

"Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!" Бу хитоб бугун ҳар бир ота-онанинг қулоғи остида бонг уриши шарт! Зеро, биз бугун фарзандимизга китоб бермасак, эртага улар ўзимиздами ўзга давлатдами энг кам ҳақ олинадиган ишларда ишлашга мажбур бўлишади. Фарзанд тарбиясига бепарволик — нафақат оилага, балки миллат ва келажакка қилинган энг оғир хиёнатдир!

Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп туман “Кичик Хўжаобод” жоме масжиди имом ноиби тайёрлади

Бошқа мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   37997   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ