Бугунги кунда глобаллашув, мафкуравий хуружлар ва ташқи таҳдидлар ҳақида кўп ва мўл тарғибот олиб борилмоқда. Лекин каттароқ душман уйимизда — бефарқлик ва маънавий қашшоқлик қиёфасида ин қуриб олаётганини сезмай қолаётанимизни тан олишимиз лозим бўлади.
Бугун бир ёш йигитнинг ёт ғоялар гирдобига тушиши ёки жиноят кўчасига кириб қолиши — шунчаки адашиш эмас, бу унга ота-онаси томонидан берилган "маънавий тарсаки"дир.
Боланинг қалби оппоқ вароқ унга сиз ва устозлари турли чизгилар чизасиз, бу вароқни сиз эзгулик билан тўлдирмадингизми, демак, уни албатта ёвузлик эгаллайди. Бунда табиат ҳам, ҳаёт ҳам бўшлиқни суймайди!
Афсуски, баъзиларимиз хонадонимизда ўзимиз фарзандларимиз учун китоб жавонини тўлдиришдан кўра, меҳмонхонамиздаги хрусталлар сони ва сифатини орттиришни ёқтирамиз.
Нима учун фарзандимизнинг маърифатига эмас, балки қўшнининг олдидаги "обрўйимиз" учун йиллаб пул йиғамиз?
Нима учун исрофгарчиликка тўла дабдабали тўйларни "орзу-ҳавас" деб атаймиз-у, фарзанд таълими учун сарфланган маблағни "харажат" деб биламиз?
Шуни унутмайликки, тўйдаги дастурхоннинг ҳашами бир кунда унутилади, аммо боланинг онгидаги илмсизлик заҳри бир умрга муҳрланади.
"Калтакнинг икки учи бор" дейишади. Бугун фарзандига вақт ажратмаган ота-она, эртага унинг қилмишлари учун нафақат мол-дунёси, балки бутун бошли ғурури ва соғлиғи билан товон тўлайди. Чойхонадаги гурунглар ва тўйхонадаги мақтанишлар билан чекланган дунёқараш бизни фақат орқага, жаҳолат ботқоғига тортади.
Ҳа, фарзанднинг тарбиясига тикилмаган сармоя — эртага унинг хатоларини ёпиш учун совуриладиган минг чандон кўп маблағ демакдир.
"Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!" Бу хитоб бугун ҳар бир ота-онанинг қулоғи остида бонг уриши шарт! Зеро, биз бугун фарзандимизга китоб бермасак, эртага улар ўзимиздами ўзга давлатдами энг кам ҳақ олинадиган ишларда ишлашга мажбур бўлишади. Фарзанд тарбиясига бепарволик — нафақат оилага, балки миллат ва келажакка қилинган энг оғир хиёнатдир!
Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп туман “Кичик Хўжаобод” жоме масжиди имом ноиби тайёрлади
Президентимиз 2021 йилда "Бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган янги Ўзбекистон эмас" деган эди. Бу иқрор ислоҳотни тайёр ғалаба сифатида кўрсатишдан кўра масъулиятлироқ. Чунки мавжуд камчиликни тан олмаган давлат уни тузатиш учун ҳам чора изламайди.
Бу гал биз назарда тутаётган "йўл" сўзи шунчаки метафора эмас. Гап мамлакатнинг қишлоқ йўлларидан тортиб, халқаро автомагистралигача, темир йўлларидан метрогача, ҳаво қўналғасидан транзит йўлагигача бўлган ҳаракат тизими ҳақида боради. Аниқроғи, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон транспорт тафаккурига олиб кирган энг муҳим янгилик – йўлни алоҳида қурилиш объекти эмас, инсон, иқтисодиёт ва давлатни ҳаракатга келтирадиган яхлит тизим сифатида кўра бошлагани ҳақида.
Абдулҳамид Мухторов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
"Зиё" медиа маркази директори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2026 йил 14 август, 164-сон