Динимизда қабр зиёратига рухсат берилган, балки тарғиб ҳам қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар. Чунки, у дунёдан қайтаради ва охиратни эслатади”, деганлар (Ибн Можа ривояти).
Уламолар ушбу ҳадисни қабр зиёратига рухсат бериш учун асос қилиб келтирадилар. Бироқ аёлларнинг ҳис-ҳаяжонлари эркакларникидан фарқ қилади. Шу боис китобларимизда аёлларнинг қабристонга бориши борасида бир неча хил фикрларни учратишимиз мумкин. Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи “Раддул муҳтор” китобларида ушбу масаладаги турли қарашларни келтиргач, уларнинг ортидан Хайруддин Рамлийнинг қуйидаги сўзларини келтиради:
“Агар аёлларнинг қабристонга бориши одатдагидек, йиғлаш, қайғуларни янгилаш ва ўликларни мақтаб жар солиш учун бўлса бу жоиз эмас. “Қабр зиёрат қилувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин”, маъносидаги ҳадис ҳам мана шундай аёлларга қарата айтилган. Агар ёши катта аёллар ибратланиш, йиғи-сиғи қилмай, ўтганларга раҳмат сўраш ва солиҳ инсонларнинг зиёратидан табаррук ҳосил қилиш учун борсалар, бунинг зарари йўқ. Агар ёш аёллар бўлса, уларнинг қабристонга боришлари худди масжидга боришлари каби макруҳдир”.
Аллома Ибн Обидийн ушбу ибораларни келтиргандан сўнг масалага қуйидагича хулоса ясаганлар: “Хайруддин Рамлийнинг ушбу хулосалари мазкур масаладаги ҳар-хил сўзларни гўзал шаклда мувофиқлаштириш ҳисобланади” (“Раддул муҳтор”).
Оиша разияллоҳу анҳо бундай деганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дафн этилган уйимга одатий уй кийимимни кийиб, номаҳрамлар олдида киядиганларимни киймай, кираверар эдим ва «Бирлари эрим, бирлари отам (Абу Бакр)ку!», дер эдим. Вақтики, у жойга Умар ҳам дафн этилгач, Аллоҳга қасамки, қачон кирган бўлсам, Умардан ҳаё қилиб, албатта, кийимбошимни боғлаб кирганман» (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога қабр зиёратига боришга изн берганлари ва у ерга борганида қайси дуони айтиши кераклигини ўргатганлари саҳиҳ ҳадисда келган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтдилар. Шунда у зот унга: "Аллоҳдан қўрқ ва (бошингга тушган мусибатга) сабр қил", дедилар. Аёл: "Нари тур! Менинг бошимга тушган мусибатни қаердан ҳам билардинг. Зеро, сени бошингга тушмаганда", деди. Сўнг одамлар аёлга бу зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эканини айтишди. Шунда ҳалиги аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига борди ва эшик олдида қўриқчиларни кўрмади. Аёл: "Сизни танимабман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Чинакам сабр мусибатнинг дастлабки онларида сабр қилишдир", деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёлнинг қабр зиёратига боргани ҳамда қабр бошида туришига эътироз билдирмадилар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон ишга эътироз билдирмасалар бу ўша ишнинг жоизлигига далолат қилади.
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: "Мазкур ҳадисдаги далолат ўрни шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қабр олдида ўтиришига танбеҳ бер-масдан унга иқрор бўлишлари бу ишнинг жоизлигига ҳужжат бўлади" ("Фатҳул Борий").
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлнинг қабр олдида шариатимизда таъқиқланган дод-вой солиб йиғлашига танбеҳ бердилар, холос.
Демак, уламоларимизнинг юқоридаги сўзларидан ёши катта аёллар эркакларга аралашмаган ҳолатда, сатри авратга риоя қилиб, йиғи-сиғи қилмай, ибратланиш мақсадида қабристонга бориб ўтганларини зиёрат қилиб, уларнинг ҳақларига дуо қилиб келишлари жоиз экани келиб чиқади.
Муҳаммад Айюб Фахриддинов,
Наманган шаҳри "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жоме масжиди имом ноиби
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси