Бир киши Арафотда уловидан йиқилди-да, бўйни синиб, вафот этди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга хушбўйлик суртманглар (яъни, жасадига атр қуйманглар) ва бошини ёпманглар! Зеро, у Қиёмат кунида талбия айтган ҳолида қайта тирилтирилади”, дедилар.
Биз сажда узра, рўзадор ҳолатда ёки эҳромда вафот этган кишилардан гўзал хушхабар умид қиламиз. Бироқ, “гўзал хотима” фақатгина бирон ибодат устида жон бериш дегани эмас.
Ҳақиқий гўзал хотима – зиммангда бандаларнинг ҳаққи бўлмаган ҳолда бу дунёни тарк этишингдир!
Одамлар сенинг қўлингдан ҳам, тилингдан ҳам, моли, жони ва номусига нисбатан омонликда бўлганида ўлим топишингдир!
Сила-и раҳм қилган, ота-онасига яхшилик кўрсатган фарзанд бўлиб кўз юмишингдир!
Ахир, на Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва на Абу Бакр сажда устида вафот этганлар.
Демак, асл масала инсоннинг қандай ўлганида эмас, балки қандай яшаганидадир!
Зеро, Аллоҳ йўлида ўлиш каби юксак ва улуғвор бирон бир нарса бўлса… У ҳам бўлса, Аллоҳ йўлида яшамоқдир!
Адҳам Шарқовийнинг رسائل من النبي ﷺ китоби асосида
Абдураҳим ТУРАҚУЛОВ,
ТИИ Магистратура талабаси тайёрлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати