Шу йил 18 май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур келишувдан кўзланган асосий мақсад — буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг бой маънавий меросини, тасаввуф таълимотининг асл инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш ва кенг тарғиб этишдир.
Учрашувда Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров юртимиз алломаларининг илмий мероси бутун ислом олами учун беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидлади.Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори Азизхўжа домла Иноятов ҳам мазкур ҳамкорликдан мамнун эканини билдириб, Тошкент ислом институтини диний таълим муассасалари орасида етакчи даргоҳлардан бири сифатида эътироф этди.
Имзоланган ҳужжатга кўра, томонлар биргаликда китоблар нашр этиш, илмий семинар ва конференциялар ташкил этиш, долзарб илмий мақолалар тайёрлаш ҳамда талабаларнинг битирув ишлари ва магистрлик диссертацияларига устозлик қилиш каби муҳим йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қиладилар. Бу шериклик тасаввуфнинг соф илмий асосларини кенг ёйиш ва сохта тариқатчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати