Вилоятда Қурбон ҳайитини муносиб кутиб олиш, байрам кунларида аҳоли хавфсизлиги, жамоат тартиби ҳамда коммунал тизимлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида имом-хатиблар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Миллий гвардия, Соғлиқни сақлаш тизими, Санитария-эпидемиология хизмати ҳамда газ ва электр таъминоти корхоналари масъуллари иштирок этди.
Йиғилишда Ҳайит намози ўқиладиган масжидларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, тез тиббий ёрдам хизматининг шайлигини таъминлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш ва коммунал соҳада носозликларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, имом-хатибларга байрам кунлари аҳоли ўртасида бағрикенглик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатиш каби эзгу қадриятларни кенг тарғиб қилиш, намозхонлар учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Тадбир якунида барча соҳа вакиллари билан ҳамкорликни кучайтирган ҳолда Қурбон ҳайитини юқори савияда ва осойишта ўтказиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига янги ўқув қуроллари тўпламлари беғараз топширилди.
Қўлида янги портфель ва китоб-дафтар тутган жажжи ўқувчиларнинг юзидаги самимий табассум ва қувонч бу эзгу ишнинг нақадар қадрли эканини кўрсатди. Зеро, илм истаган қалбга қанот бўлиш — энг улуғ савоблардандир.
Тадбир якунида хайрияда ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати