"Ҳаж – 2026" мавсумини муваффақиятли ташкил этиш, юртдошларимизнинг муқаддас ибодатларини эмин-эркин ва беталафот адо этишларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Ишчи гуруҳи томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ушбу фидокорона хизматлар нафақат зиёратчиларимиз, балки Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилотлар томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.
Хусусан, ҳаж мавсумида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи нуфузли "Ар-Рифода" ширкатининг раҳбарияти томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Камолиддин Маҳкамов ва Муҳаммад Амин Насриевларга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, ташаккурнома билан тақдирланди.
Мазкур юксак мукофот ва эътироф вакилларимизга ҳаж мавсуми давомида юзага келган ташкилий ишларни тезкор ва самарали бартараф этганлари ва юқори даражадаги қулайликларни ҳозирлашдаги фаол хизматлари учун топширилди. «Ар-Рифода» ширкати раҳбарияти юртдошларимизнинг ташкилотчилик қобилияти ва фидоийлигини юқори баҳолаб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилади.
Бу каби эътирофлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш сифати йилдан-йилга юксалиб бораётганининг, икки давлат ўртасидаги диний-маърифий алоқалар янги босқичга чиққанининг амалий намунасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати