Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръон тиловатини муҳофаза қилиш.
Аллоҳ таоло Қуръонда бундай марҳамат қилган:
إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ
“Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар” (Фотир сураси, 29-оят).
Мўмин киши ҳар ойда Қуръонни камида бир марта хатм қилиб туриши керак. Қуръондан бир пора ўқиш учун ярим соатдан бироз кўпроқ вақт кетади. Бизни яратган, қаддингни ростлаган, зоҳирий ва ботиний неъматларини устингдан ёғдириб турган, сенга офият берган, сенга молу дунё, бола чақа берган, сенга ақл-заковат берган Роббингнинг Каломи учун ҳар куни ярим соат ёки бир соат вақт ажрата олмаймиз-ми?! Шунча неъматларни берган Зотга бу борада бахиллик қилган бўламиз-ку ахир деб ўйламайман!
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон тиловатини, Аллоҳнинг зикрини лозим тут! Чунки у сенга ерда нур, осмонда захирадир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қуръонни ўқинглар. Албатта, у қиёмат куни соҳибига шафоатчи бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Қуръон ёдлашга уриниш.
Бу иш олийҳиммат ва азми чин бўлган кишиларнинг ўлжасидир. Аллоҳдан улар учун дўзахдан саломат бўлиш башорати бордир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар Қуръон бир терида жамланса, Аллоҳ уни дўзахда куйдирмайди”.
Қуръон оятларини тадаббур қилиш ва унинг маъноларини тушуниш.
Бу Қуръоннинг энг катта ҳақларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آَيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ
“(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир” (Сод сураси, 29-оят).
Қуръонга амал қилиш ва у билан хулқланиш.
Қуръон билан хулқланиш банданинг дунё ва охиратда нажотга эришишининг асосидир. Қуръонни ўқишдан, ёдлашдан ва тадаббур қилишдан мақсад ҳам шудир. Аллоҳ таоло Қуръонда бундай деган:
وَهَذَا كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Мана бу Биз нозил қилган муборак Китоб (Қуръон)дир, унга эргашингиз ва тақволи бўлингиз, токи раҳм қилингайсиз” (Анъом сураси, 155-оят).
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай деган:
كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ آَيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ
“Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади” (Бақара сураси, 187-оят).
Қуръонни бошқаларга ўргатиш.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси