Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган эзгу ғояни чуқур қарор топтиришда барча миллий ва диний қадриятларимиз қатори инсонпарварлик, саховат, шукроналик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган муборак Қурбон ҳайити ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Айниқса, мамлакатимизда ижтимоий давлат барпо этиш, юртдошларимиз ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик борасида бу байрамнинг безавол анъаналари биз учун куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Қурбон ҳайитини ана шу жараёнларга мос ҳолда муносиб нишонлаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026 йилда муборак Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 май – чоршанба кунига тўғри келиши ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 27 май Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.
2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
(а) Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, Қурбон ҳайитнинг биринчи куни ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилангани;
(б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги “2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–257-сон Фармони билан қуйидагилар қўшимча дам олиш куни сифатида белгилангани:
(i) иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2026 йилнинг 28 май – пайшанба, 29 май – жума кунлари;
(ii) олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 30 май – шанба куни.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда, кўтаринки кайфиятда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.
4. Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Қурбон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ