Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Қурбонлик: шартлари, одоблари ва вақти

21.05.2026   22436   7 min.
Қурбонлик: шартлари, одоблари ва вақти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин

 

Қурбонлик луғатда “яқинлашмоқ”, “яқин бўлмоқ” маъноларини билдириб, истилоҳда бу сўз Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида жонлиқ сўйишни англатади.

Қурбонлик Ислом динининг вожиб бўлган улуғ амалларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар сураси, 2-оят).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қилардилар ва бошқаларни ҳам курбонлик қилишга тарғиб этардилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин”, деганлар (Имом Аҳмад, Ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.

 

Қурбонлик тарихига бир назар

Қурбонлик ҳижрий иккинчи йил вожиб бўлган бўлсада, лекин унинг тарихи анча узоқларга – Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади ва у зотдан бизга қолган амаллардандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Қурбонлик қилишдан мақсад нима?

Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж сураси, 37-оят).

Шунингдек, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади.

Аллоҳга ҳар қанча шукр қилсак, шунча оз. Холис Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Аллоҳнинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.

Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.

 

Қурбонлик кимларга вожиб?

Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт.

1. Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи ибодат бўлиб кофир унга аҳл эмас (Бадоеъус саноеъ).

2. Озод бўлиш. Чунки қулнинг мулки бўлмайди (Ал баҳрур роиқ).

3. Нисоб эгаси бўлиш.

4. Муқим бўлиш. Мусофирга қурбонлик вожиб эмас. Гарчи сафарда нисоб миқдорига эга бўлса ҳам. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мусофир зиммасига қурбонлик вожиб эмас”.

 

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар

Қурбонлик қуйидаги ҳайвонлардан бирини сўйиш билан адо топади:

Қўй (қўй дейилганда эчки ҳам тушунилади), қорамол ва туядир. Ушбу ҳайвонлардан бошқа ҳайвонлар қурбонлик ўрнига ўтмайди.

Қўйда ёлғиз бир киши, қорамол ва туяда эса бир кишидан етти кишигача шерик бўлиб адо қилишлари мумкин. Қўй олти ойлик ва ундан катта бўлиши шарт. Қорамол икки ёш ва ундан катта бўлиши шарт, туя беш ёш ва ундан катта бўлиши шарт.

Шу билан бирга, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон семиз, йўғон ва ёши катта бўлиши афзал саналади. Қурбонликка ярамайдиган айби ёки нуқсони бор ҳайвонларни сўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда туриб: “Тўрт нафар ҳайвон қурбонликка ярамайди: кўзи кўрлиги билиниб турган (айбли) ҳайвон, касали зоҳир касал ҳайвон, чўлоқлиги зоҳир чўлоқ ва ўрнидан тура олмайдиган ўта озғин ҳайвон”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Курбонлик қилинадиган ҳайвон айбдан холи бўлиши лозим. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қулоғи, ёки думи, ёки кўзининг бир қисмидан кўпроғи йўқ бўлса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Касал, чўлоқ ва озғин ҳайвонлар сўядиган жойга ўз оёғи билан юриб бора олмаса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

 

Қурбонлик қилиш вақти

  • қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади.
  • ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботиши билан тугайди.

 

Қурбонликнинг қийматини садақа қилиш мумкинми?

Қурбонлик талаб этилган жонлиқлардан бирини сўйиш орқали адо этилади. Жонлиқни сўймай, жонлиқни ёки унинг миқдорига тенг маблағни бериш қурбонлик ҳисобланмайди. Балки садақа ҳисобланади. Алоуддин Косоний раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Бир киши қурбонлик кунларида қўйнинг ўзини ёки қийматини садақа қилса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Чунки қурбонликнинг вожиблиги қон оқизишга боғлиқдир” (Бадоеъус саноеъ).

 

Қурбонлик одоблари

Қурбонлик қилиш вожиб бўлган киши қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим:

Аввало – Қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Бошқалар “кўрсин” ёки “эшитсин”, деган ниятдан йироқ бўлади.
Иккинчи одоб – қурбонлик қилувчи соч, соқолига ва баданига ҳеч нарса теккизмаслиги. Қурбонлик қилишни ирода қилган киши зулҳижжа ойининг биринчи кунидан бошлаб, то ҳайит куни қурбонликни бажаргунга қадар соч-сақолини олмайди ва баданининг бошқа жойларига ҳам тиғ теккизмаслиги мубоҳ амалдир. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон сизлардан бирортангиз қурбонлик қилишни ирода қилса, сочига ва терисига ҳеч нарса теккизмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Учинчи одоб – қурбонлик қилишда айб ва нуқсони бор ҳайвонни қурбонлик қилишдан сақланиш.
Тўртинчи одоб – қурбонликни ўз қўли билан қилиш. Қурбонлик қилувчи ўз қўли билан сўйиши мустаҳабдир. Аммо ўзи сўйишни билмаса ёки бошқа сабабларга кўра ўзи сўймасдан, бошқага сўйдиришнинг зарари йўқ.
Бешинчи одоб – қурбонликнинг вақтини риоя қилиш.
Олтинчи одоб — сўйиш одобларига риоя қилиш.

Ҳайвонларни сўйишнинг ўзига хос одоблари, мустаҳаблари бордир. Туяни тик турган ҳолида олдинги чап оёғини боғлаб, бўйнининг пастидан, кўкраги тамондан сўйиш, қорамол ва қўйларни эса чап томони билан ётқизиб, томоғининг тагидан сўйиш, пичоқнинг ўткир бўлиши, уни сўйиладиган ҳайвоннинг олдида ўткирламаслик, бошқа ҳайвоннинг кўз олдида сўймаслик шулар жумласидандир.

Аллоҳ таоло қилаётган ҳар бир амалимиз қаторида ушбу қурбонликларимизни ҳам Ўзининг ризолиги учун қилинган ибодатлар қаторида қабул айласин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

“ТАКФИР” – МУСУЛМОН ЖАМИЯТИНИ ИЧИДАН ЕМИРУВЧИ ФИТНА

11.08.2026   6311   10 min.
“ТАКФИР” – МУСУЛМОН ЖАМИЯТИНИ ИЧИДАН ЕМИРУВЧИ ФИТНА

Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.

“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾

“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).

Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.

Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:

‏ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.

«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.

“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾

“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.

«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).

Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.

Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.

Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.

Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.

Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:

وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.

“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.

Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.

Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:

قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ

فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.

Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).

Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.

Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар

﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾

“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.

Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.

Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.

Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.

Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА