Бугун, 21 май куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган юртимиздан етишиб чиққан улуғ аллома Абул Ҳусайн Пешоғарийнинг "Исматул анбиё" асари тақдимотига бағишланган илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимиз илм-фан ва диний-маърифий соҳасининг етакчи олимлари, тадқиқотчилари ҳамда мутахассислари иштирок этди. Жумладан, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси витце-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори Баҳром Абдуҳалимов, Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидилла Мунавваров қатнашди.
Тақдимотда сўзга чиққан Ҳомиджон домла Ишматбеков иштирокчиларни янги китоб билан табриклаб, бу каби манбаларнинг аҳамияти хусусида сўз юритди. Шунингдек, у киши ўз сўзида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат муҳташам обида, балки юртимиздаги барча диний ва илмий муассасаларни бир нуқтага жамлаган маскан экани, жаҳонга Исломнинг асл инсонпарварлик ва илм-фан моҳиятини кўрсатувчи вазифасини ўтаётгани, шунингдек, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга ва Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, тақдимотнинг асосий маърузачилари сифатида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Абдуллатиф Аллоқулов, Аҳмад Саъд Даманҳурий ҳамда Ихтиёр Абдураҳмонов иштирок этди.
Мутахассислар ушбу нашр аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш ва уни келажак авлодга етказиш йўлида муҳим қадам бўлишини таъкидлади. Тадбир давомида ушбу асарнинг дунёдаги ягона қўлёзма нусхаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётгани, янги нашр эса милодий 1382 йилда Бухорода кўчирилган ана шу қўлёзма асосида тайёрлангани алоҳида қайд этилди.
Маълумот ўрнида, мазкур китоб мотуридийшунос олимлар Аҳмад Саъд Даманҳурий ва Ихтиёр Абдураҳмоновнинг илмий изланишлари асосида тайёрланиб, илк бор илмий таҳқиқ қилинган ҳолда китобхонлар эътиборига ҳавола этилди. Мазкур асар Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан Иорданиянинг нуфузли “Ғоним” нашриётида чоп этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати