Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Май, 2026   |   8 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:16
Қуёш
04:56
Пешин
12:25
Аср
17:30
Шом
19:49
Хуфтон
21:21
Bismillah
26 Май, 2026, 8 Зулҳижжа, 1447

25 май: Сўнгги қўнғироқ сўнгги ҳаётга айланиб қолмасин!

22.05.2026   16294   4 min.
25 май: Сўнгги қўнғироқ сўнгги ҳаётга айланиб қолмасин!

Ҳар йили баҳорнинг сўнгги кунларида юртимиздаги минглаб мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтади. Бу кун — йиллар давомида олинган билимларнинг сарҳисоби, катта ҳаёт бўсағасидаги илк қадамдир. Аммо, минг афсуски, кейинги йилларда бу қувончли кун баъзи оилалар учун битмас-туганмас куйиниш, айрилиқ ва фалокат кунига айланиб бормоқда. Кўз-кўз қилиш, мақтаниш ва масъулиятсизлик оқибатида ёш умрлар завол топмоқда.

Омонатга хиёнат ва нафсга қуллик.

Ислом дини инсон ҳаётини энг олий қадрият деб билади. Аллоҳ таоло бандаларига ўз жонини хатарга қўйишни, беҳуда ҳалок қилишни тақиқлаб, Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни яхши кўради» (Бақара сураси, 195-оят).

Битирув куни ёшларга қимматбаҳо машиналарни ишониб топшириш, уларнинг тезликни ошириб, кўчаларда тартибсизлик (автокалонналар) уюштиришига кўз юмиш — мана шу оятга зид иш тутишдир. Бу ота-оналар томонидан фарзанд ҳаётини ўз қўли билан ҳалокатга топшириш билан баробардир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида марҳамат қиладилар: "Ҳеч бир банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини нимага сарф қилгани, ёшлигини қандай ўтказгани, мол-давлатини қаердан топиб, нимага сарфлагани ва илмига қандай амал қилгани ҳақида" (Имом Термизий ривояти).

Битирувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари «биз ёшлигимизни ва топган молимизни шу бир кунлик дабдабага қандай сарфладик?» деган саволга жавоб беришни унутмасликлари лозим.

Исроф ва сохта обрў илинжи «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида ресторанлардаги дабдабали базмлар, қимматбаҳо совғалар ва кийим-бошлар учун қилинадиган харажатлар исрофнинг олий намунасидир. Ваҳоланки, ўша маблағларни боланинг олий таълим олишига, китобларига ёки касб-ҳунар ўрганишига йўналтириш мумкин эди.

Ислом дини исрофни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло айтади:

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мўл-кўл йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир...» (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Шайтоннинг дўстига айланиб, Аллоҳ берган неъматни кўкка совуриш ҳеч бир мўминга тўғри келмайди. Бир кунлик «орзу-ҳавас» деб қилинган исроф ортидан қанча оилалар қарз ботқоғига ботаётгани ҳам сир эмас.

Аччиқ, аммо ҳаётий мисоллар: Ҳар йили 25 май куни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бир хил мазмундаги мудҳиш хабарлар тарқалади: «Битирувчилар иштирокида мудҳиш ЙТҲ содир бўлди: 3 нафар йигит воқеа жойида ҳалок бўлди...» ёки «Дарахтга бориб урилган Каптива ичидаги мактаб битирувчилари шифохонага ётқизилди...». Бу шунчаки статистика эмас, бу — бузилган оилалар, фарзанд доғида куяётган оналар, сочлари бир кечада оқарган оталар фожиасидир. Куни кеча мактаб фоясида аттестат олаётган ўғил ёки қизнинг эртасига қабр ичида ётганини кўришдан кўра даҳшатлироқ мусибат борми?!

Ҳали ҳаёт нималигини тушуниб етмаган, оила қуриб, жамиятга нафи тегмаган ёш ниҳолларнинг ўз хатоси ёки ота-онанинг «болам бошқалардан кам бўлмасин» деган сохта ғурури туфайли тупроққа қорилиши — энг катта трагедиядир.

Нима қилмоқ керак? Мавзуни шунчаки муҳокама қилиш кифоя эмас, амалий чоралар кўриш вақти келди: Ота-оналар масъулияти: Фарзандингизга қиммат машина калитини эмас, келажакка бўлган масъулият ҳиссини беринг. Сўнгги қўнғироқ куни уларнинг қаерда ва ким билан эканини қаттиқ назорат қилинг.

Ёшлар фаросати: Сиз — ота-онангизнинг умидисиз. Бир лаҳзалик мақтаниш ва тезлик ишқи сизни тириклик неъматидан, ота-онангизни эса сиздан жудо қилмасин.

Тадбирларни илмга йўналтириш: Ресторандаги базмлар ўрнига, мактаб кутубхонасига китоб совға қилиш, эҳтиёжманд синфдошларга ёрдам бериш каби хайрли амалларни анъанага айлантириш лозим.

Хулоса шуки «Сўнгги қўнғироқ» ҳаётнинг тугаганини эмас, балки гўзал ва масъулиятли янги бир босқич бошланганини билдирувчи рамз бўлиши керак. Шошқалоқлик, манманлик ва исроф билан бу кунни мотамга айлантирмайлик. Зеро, Аллоҳ таоло бизга берган ҳаёт ва фарзанд неъмати — эртага Қиёматда ҳар бир сонияси учун жавоб бериладиган улуғ омонатдир!

Исломхон Ҳамидов,
Наманган шахар Боқимирзо жоме масжиди имом ноиби

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ҲАЖНИНГ МАСЪУЛИЯТЛИ КУНЛАРИ БОШЛАНМОҚДА

25.05.2026   2069   2 min.
ҲАЖНИНГ МАСЪУЛИЯТЛИ КУНЛАРИ БОШЛАНМОҚДА

Жорий йилги ҳаж мавсуми ўзининг қизғин палласига кирмоқда. 24 май – Зулҳижжа ойининг 7 куни кечки пайтдан бошлаб зиёратчиларни Мино водийсига ташиш ишлари бошланади. 25 май – Зулҳижжа ойининг 8 куни барча ҳожилар Мино водийсида жам бўлишади.


Шу муносабат билан ҳаж делегацияси аъзолари, ишчи гуруҳи штаби, шифокорлар жамоаси ва гуруҳ раҳбарлари иштирокида Макка шаҳридаги меҳмонхонада умумий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ишчи гуруҳи раҳбари - Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий – ҳаж делегацияси раҳбари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда шифокорлар жамоаси етакчиси Алишер Саатов қатнашди.
 

Мутасаддилар меҳмонхоналардан Минога, у ердан Арафот, бу манзилдан эса Муздалифага ва яна Минога қайтишни тартибли ташкил этиш, муборак манзиллар ва чодирларда рисоладагидек ибодат қилиш учун барча шароитларни ҳозирлаш, зиёратчилар саломатлигига жиддий эътибор бериш, овқатланиш рационига амал қилиш, белгиланган тартибларга риоя этишни таъминлаш масалаларини айтиб ўтишди.


Айниқса, Мино, Арафот водийларида ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилиш, хусусан, куннинг жазирама иссиқ вақтларида (соат 10-00 дан 16-00 гача) чодирлардан ташқарида юрмаслик, ҳудудларда тоғу тепаликларга чиқмаслик, битоқа-бейжикларни тақиб юриш, ҳаракатланишда махсус транспорт воситалари, автобуслардан фойдаланиш ва Подшоҳлик талаблари, тартибни сақловчи ходимлар кўрсатмаларига итоат этиш, бегона шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларининг олдини олиш кабиларга урғу қаратилди.
 

Муфтий ҳазратлари ишчи гуруҳи ва гуруҳ раҳбарлари учун янада масъулиятли дамлар бошланаётганини таъкидладилар. Шунинг баробарида ҳаж амалини динимиз талабларига мувофиқ адо этиш, шаръий масалаларда Фатво маркази фатволарига риоя қилиш, ўзбошимчалик билан иш тутишдан сақланиш, Мино ва Арафотдаги чодирларда уламоларнинг мавъизаларини ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, ҳожиларнинг ҳар бир дақиқасини тоат-ибодат, дуою зикр билан унумли ўтказиш кабиларни айтиб ўтдилар.



Йиғилишда бошқа ташкилий масалалар ҳам келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари