Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июл, 2026   |   26 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
05:00
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
11 Июл, 2026, 26 Муҳаррам, 1448
Мақолалар

Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва саховат тантанаси

22.05.2026   32757   5 min.
Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва саховат тантанаси

Самарқанд — асрлар давомида ислом маърифати ва тамаддунининг нурли маркази бўлиб келаётган, буюк алломалару авлиёлар етишиб чиққан муқаддас ва табаррук заминдир. Бу қутлуғ диёрдан таралган илм зиёси нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламини маънавий бойитиб келмоқда. Имомлар, муҳаддислар, муфассирлар ва мутакаллимлар мероси билан донг таратган Самарқанд бугун ҳам бағрикенглик, маърифат ва муқаддас қадриятлар маскани сифатида юксак эътироф этилмоқда.

Бугун Самарқанд заминида муқаддас зиёратгоҳлар янада обод қиёфа касб этмоқда, масжид ва мажмуаларда халқимиз учун кенг қулайликлар яратилмоқда. Айниқса, жорий 2026 йилги Қурбон ҳайити юртимизда мисли кўрилмаган шукроналик, ҳамжиҳатлик ва юксак маънавий муҳит ила қарши олинмоқда.

Самарқандда ҳайит намози ва тайёргарлик ишлари

Жорий йилда Қурбон ҳайити 27 май — Чоршанба куни нишонланади. Самарқанд вилоятидаги барча масжидларда ҳайит намозларини муносиб тарзда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилди:

  • 287 та масжидда Қурбон ҳайити намози ўқилади;

  • Ҳайит намози соат 05:30 да бошланади;

  • Намоздан аввал масжидларда тинчлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, инсон қадри ва юрт осойишталиги ҳақида маърифий суҳбатлар ўтказилади.

Вилоят маркази ҳамда барча туманлардаги йирик масжидларда намозхонларнинг хавфсизлиги ва эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни белгилаган.

Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳайит шукуҳи

Муборак Қурбон ҳайити намози Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам катта кўтаринкилик ва файзу барака ила адо қилинади. Эрта тонгдан ушбу табаррук масканда Қуръон тиловатлари, такбир ва таҳлил садолари янграб, намозхонлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда дунё мусулмонларининг ҳамжиҳатлиги учун самимий дуолар қиладилар.

Ҳаж–2026: Юксак эътибор ва тарихий лаҳзалар

Ҳаж ибодати — мусулмонлар учун энг улуғ орзу ва муқаддас сафардир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Муҳтарам жаноби олийларининг бевосита эътибор ва ғамхўрликлари туфайли жорий мавсум юқори даражада ташкил этилди:

  • Самарқанд вилоятидан 940 нафарга яқин зиёратчи Макка ва Мадинага сафар қилди.

  • Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимиздан 100 нафар фуқаро "Президент ҳожиси" сифатида муборак сафарга юборилди. Бу эзгу қадам Янги Ўзбекистонда инсон манфаати ва меҳр-оқибат тамойиллари устувор эканининг ёрқин ифодаси бўлди.

  • Ҳар бир ҳожи учун тиббий хизмат, дори-дармон, шинам яшаш жойи, овқатланиш ва транспорт логистикаси тўлиқ ташкил этилиб, малакали гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар уларга хизмат кўрсатмоқда.

Тарихий воқеа: Жорий йилги Ҳаж мавсумининг барча ҳожиларимиз қалбида чуқур из қолдирган унутилмас воқеаси — Давлатимиз раҳбарининг муборак заминда бўлиб турган зиёратчиларимиз ҳолидан шахсан телефон орқали хабар олганлари бўлди. Юртбошимиз Муфтий ҳазратлари билан мулоқотда ҳожиларнинг саломатлиги билан қизиқиб, уларга ўзларининг самимий дуо ва эзгу тилакларини йўлладилар. Бу юксак эътибор Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги юртдошларимиз қалбига чексиз қувонч ва шукроналик бағишлади.

Шариатимизда қурбонлик қилиш одоблари

Қурбонлик — Аллоҳ таолога бўлган тақво, итоат ва шукроналикнинг амалий ифодасидир. Вилоятимиздаги имом-хатиблар томонидан аҳолига қурбонлик қоидалари бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шариатимиз кўрсатмаларига кўра:

  1. Вақти: Қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланиб, зулҳижжанинг 10, 11 ва 12-кунлари кун ботгунга қадар амалга оширилади;

  2. Шериклик: Қўй ва эчки бир киши номидан, сигир ва туя эса 7 кишигача шериклик асосида сўйилиши мумкин;

  3. Ҳайвоннинг ҳолати: Қурбонлик қилинадиган ҳайвон соғлом, кўзга кўринарли айблардан холи ва етук ёшда бўлиши лозим;

  4. Тарқатиш: Қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиб, бир қисмини оилага сақлаш, иккинчи қисмини қариндош-уруғларга, учинчи қисмини эса муҳтож ва кам таъминланган оилаларга тарқатиш мустаҳаб (савобли) амалдир.

Азиз юртдошлар!

Масжидларимиздаги файзли муҳит, зиёратгоҳлардаги ободончилик ишлари, ҳожиларимизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат — буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланаётганининг амалий ифодасидир.

Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини, халқимиз бирдамлигини янада мустаҳкамласин. Қурбон ҳайити барчамиз учун хайр-барака, маънавий юксалиш ва эзгуликлар байрами бўлсин. Барчангизни яқинлашиб келаётган муборак айём билан самимий муборакбод этаман!

Аҳмадхон домла Алимов,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Уйи ёнган оилага моддий ёрдам кўрсатилди

10.07.2026   5352   2 min.
Уйи ёнган оилага моддий ёрдам кўрсатилди

Яқинда Қўнғирот тумани, “Қумбиз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Бахтиёр Матякуповнинг хонадонида ёнғин содир бўлиб, келиб чиққан ёнғин натижасида хўжалик аъзолари уй-жойсиз қолди. Ушбу юзага келган ҳолат яқиндан ўрганилиб, тумандаги “Ҳаким Сулаймон” жоме масжиди имом-хатиби Р.Умаров оила аъзоларининг ҳолидан хабар олди ва ҳомийлар ёрдами билан уй-рўзғор буюмларидан моддий ёрдам берди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 271-оятида: «Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир», деб баён этади.

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади.  

Садақа ўз эгасини Шайтондан йироқ, Раббисига яқин ва суюкли этади. Садақа туфайли гуноҳлар кечирилади, меҳр-мурувват ва шафқат эшиклари очилади.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган», деганлар.

Аллоҳ таоло юртимизда меҳр-оқибатли ва саховатли инсонлар кўпайишини, эл-юртимиз обод, хонадонларимиз файзли бўлишини насиб этсин! 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Матбуот хизмати

Уйи ёнган оилага моддий ёрдам кўрсатилди Уйи ёнган оилага моддий ёрдам кўрсатилди
Ўзбекистон янгиликлари