Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Арафа куни бажариладиган амаллар

25.05.2026   22993   4 min.
Арафа куни бажариладиган амаллар

Арафот сўзи луғатда – билиш, таниш маъноларини билдиради.

Макка шаҳридан 20 км, Минодан 10 км, Муздалифадан эса 6 км, Намира масжидидан 1,5 км узоқликда жойлашган. Узунлиги 11-12 км ва кенглиги 6,5 км бўлган водий. У қаттиқ катта тошлардан иборат. Жанубий томонда 168 та зинаси мавжуд.

Маълумотларга кўра, Одам Ато билан Ҳавво онамиз жаннатдан чиқариб юборилганларидан кейин бир-бирлари билан шу ерда учрашганлар, дейилади.

Бошқа бир ривоятда Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга ушбу маконда ҳаж амалларини ўргатиб: “Арофта?” (“Ўргандингизми?”) деганларида, Иброҳим алайҳиссалом: “Ҳа”, деганлар. Шундан кейин Арафот деб номланиб қолган.

Арофат тепалигида бир баланд жой борки, у ерни “жабалул роҳма”, яъни “раҳмат тоғи” дейилади. Арафа куни ҳожиларга ёғиладиган беҳисоб раҳмат ва баракалар сабабли “раҳмат тоғи” деб номланади. Ушбу тоғ Илол, Нобит ҳамда Қурийн деб ҳам аталади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан 81 кун олдин, ҳижратнинг 10 йили Мадинадан ҳажга келиб, арафа куни шу тепаликка чиққанлар ва оқ туяларини чўктириб, унинг устида туриб “Видолашув ваъз”ини айтганлар. Бу жой узоқдан кўриниб туришлиги учун устун шаклида кўтарилиб, оққа бўяб қўйилган.

Арафотда ҳажнинг асосий аркони адо этилади. Арафа куни бомдод намози ўқилгандан сўнг Минодан Арафотга қараб йўлга тушилади. Зилҳижжа ойининг 9-куни, яъни арафа куни ҳожилар шу тепаликка чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат билан машғул бўладилар. Арафотда маълум муддат турмаган кишининг ҳажи ҳаж ҳисобланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаж Арафотдир”, деганлар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).

Арафотга чиқишдан олдин ғусл қилиб олинса яхши бўлади.

Арафотга чиқишда ва у ерда турганда доим такбир, таҳлил, ҳамд ва талбия (“лаббайка”) айтилади. Арафотда дуолар ижобат бўлади. Шунинг учун ҳожилар кўпроқ дуода, зикрда, тиловатда, илтижода, чин дилдан тазарруда бўлишга интилишлари лозим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси – Арафот кунги дуодир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Арафотда қуйидаги оят нозил бўлган: “Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим” (Моида сураси, 3-оят).

Арафотда ва Раҳмат тоғида қуйидаги дуоларни ўқиш тавсия этилади:

“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм”.

Лаа илаҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн.

Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалийил ъазийм”.

Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан-нар.

Аллоҳумма аслиҳ ли динийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ ли дунйаяллати фиҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фиҳа маъадий, важъалил ҳайата зийадаталли мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталли мин кулли шаррин.

Аъузу биллаҳи мин жаҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи.

Арафотда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб қаср қилиб ўқилади. Ҳажнинг амири хутба ўқийди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ ҳузурида Арафот кунидан яхшироқ кун йўқ. Аллоҳ таоло дунё осмонига (фаришталарга мақтаниб) ер аҳли билан фахрланиб айтади: “Менинг чанг босган бандаларимга қаранг! Менинг раҳматимдан умидвор бўлиб,  барча жойлардан келдилар. Ваҳоланки, улар менинг азобимни кўрмаганлар. Аллоҳ таоло бирор кунда  Арафа кунидек бандани дўзахдан озод қиладиган кун йўқ, дейди”.

Аллоҳ таоло ҳажингизни мабрур, саъйингизни машкур ва гуноҳингизни мағфур қилсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

14.09.2026   9502   1 min.
Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.

Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:

«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».

Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари