Озор берса замоннинг ўткир нишлари,
Ягона Зотдан сўранг Унинг ёрдамин.
Муслима, солиҳа аёл эри билан яхши яшайдиган, Роббисидан сўнг эрига итоат этадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундай аёлни мадҳ этганлар ва уни эркак киши эришиши лозим бўлган намунавий аёл эканини билдирганлар. Энг яхши аёл ҳақида сўралганда бундай жавоб берганлар:
قال: التي تسره إذا نظر، وتطيعه إذا أمر، ولا تخالفه في نفسها ومالها بما يكره
“(Энг яхши аёл) эри қараса хурсанд қиладиган, буюрса итоат этадиган, ўз нафси ва молида эри ёмон кўрган нарса билан унга хилоф қилмайдиганидир” (Имом Насоий ривояти).
عن ابن عباس قال: لما نزلت الآية (والذين يكنزون الذهب والفضة) فانطلق عمر واتبعه ثوبان فأتى النبي صلى الله عليه وسلم فقال: يا رسول الله، إنه قد كبر على أصحابك هذه الآية. فقال النبي صلى الله عليه وسلم: ألا أخبرك بخير ما يكنزه المرء؟ التي إذا نظر إليها سرته وإذا أمرها أطاعته وإذا غاب عنها حفظته
Аллоҳ таолонинг:
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّ كَثِيرًا مِنَ الْأَحْبَارِ وَالرُّهْبَانِ لَيَأْكُلُونَ أَمْوَالَ النَّاسِ بِالْبَاطِلِ وَيَصُدُّونَ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلَا يُنْفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَبَشِّرْهُمْ بِعَذَابٍ أَلِيمٍ﴾
“Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер” (Тавба сураси, 34-оят) ояти нозил бўлганда Умар ва Савбон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига боришди. Умар розияллоҳу анҳу: "Ё Расулуллоҳ, бу оят саҳобаларингизга оғир келди", дедилар.
Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Умар, киши энг яхши хазина қиладиган нарсанинг хабарини берайми? Унга қараса хурсанд қиладиган, буюрса итоат қиладиган ва эри ғоиб вақтида (моли ва обрўсини) ҳимоя қиладиган солиҳа аёл (кишининг энг яхши хазинасидир)” (Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлнинг жаннатга киришини эрининг розилигига боғлаб қўйдилар. У зот айтадилар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: أيما امرأة ماتت وزوجها عنها راض دخلت الجنة
“Қайси аёл эри ундан рози бўлган ҳолда вафот этса жаннатга киради” (Имом Термизий ривояти).
Сиз ана шу аёл бўлишга интилинг, шунда ҳақиқий бахтга эришасиз.
Шуъла: Охират диёрида энг аввалгилар қаторида сиз учун ажратилган ўрин бор. Фақатгина сиз амалларингизни кундан-кунга мукаммал қилиб боринг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).
2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
4. Хушбўйланиш.
5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".
8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД