Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Зайниддин дома Эшонқулов "Ҳасана" ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакиллари Ҳусайн Карага ва Намик Демирканни қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда "Ҳасана" вакиллари "Вақф" хайрия жамоат фонди билан бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келишини, ташкилот турли хайрия ва саховат тадбирларида иштирок этишини таъкидлаб, яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайитида ҳам бу анъана давом этишидан умидвор эканлигини қайд этиб ўтишди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари меҳмонларни Ўзбекистонда кўриб турганидан хурсандлигини билдириб, Қурбон ҳайити муносабати билан юртимизда кўплаб эзгу ишлар амалга оширилаётганини, Юртбошимиз ташаббуси билан юзлаб оғир аҳволдаги болажонларнинг даволаниш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилаётгани таъкидлаб ўтди. Фонд "Ҳасана" билан бўладиган ҳамкорликдаги ишларга доим тайёрлигини айтиб, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга наф берадиган ҳар қандай хайрли лойиҳанинг амалга ошишидан хурсанд бўлишини қайд этиб ўтди.
Мулоқот давомида "Ҳасана" вакиллари фонд томонидан амалга оширилаётган хайрли лойиҳаларни эътироф этиб, таълим, тиббиёт ва бошқа йўналишларда ҳам фонд билан ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Бу сафар муборак Қурбон ҳайити муносабати билан 10 бош қорамол қурбонлик қилиб, талаба ва кам таъминланган оилаларга тарқатишни режалаштираётганини айтиб ўтишди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати