Бугун, зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни юртимиз зиёратчилари ҳажнинг энг муҳим фарзини адо этиш мақсадида Арафот майдонига бориб жойлашди.
Ҳадисларда келтирилишича, Арафот улуғ манзиллардан бири бўлиб, бу ерда қилинган дуолар шак-шубҳасиз қабул бўлади. Буни яхши англаган ҳожилар ҳар дамни ғанимат билиб, бундан унумли фойдаланмоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчиларимиз хотиржам ибодат қилишлари учун кенг ва шинам чодирлар тайёрланган, совуткич ва музлаткичлар узлуксиз ишламоқда, уч маҳал иссиқ овқат, ширинлик ва салқин ичимликлар мунтазам тақдим этилмоқда.
Ҳожиларимиз Арафотда дуои хайрлар, ибодатлар билан бўлиб, пешин ва аср намозларини жам қилиб ўқийдилар. Дуо ва тазарруларда бардавом бўладилар. Аллоҳ таолодан юртимиз тинч, халқимиз ҳаёти янада фаровон бўлишини, фарзанду аржумандларимиз бахту саодатини сўраб илтижолар қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати