Ҳадис илми мактабининг 2-босқич талабалари буюк муҳаддис Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг машҳур «Сунани Термизий» асарини муваффақиятли тамомлаб, ушбу муборак илм силсиласининг ижозаларини (шаҳодатномаларини) қўлга киритдилар.
Китобнинг якуний хатм тадбири рамзий маънода Термиз шаҳрида, Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ қўним топган табаррук зиёратгоҳда бўлиб ўтди. Унда институт ўқитувчиси, доктор Салоҳ Исо ҳамда Ҳадис кафедраси мудири Маҳмуджон домла Абдураҳмонов сўзга чиқиб, ҳадис илмининг фазилати ва муҳаддислар меросини ўрганишнинг аҳамияти ҳақида қимматли фикрлар билдирдилар.
Хатм жараёнида фан ўқитувчилари Бекназар Муҳаммад Шакур ва Абдулҳай Хушвақтов «Сунани Термизий» китобининг сўнгги ҳадисларини шарҳлаб, талабаларга илмий ва тарбиявий тавсиялар бердилар.
Эътиборлиси, тадбир давомида келгуси ўқув йилида ушбу асарни ўқиши режалаштирилган 1-босқич талабалари ҳам китобни бошлаб беришди. Шу тариқа, илм силсиласи узилмасдан давом этиб, бир гуруҳ китобни хатм қилган бўлса, янги авлод уни ўрганишга киришди.
Aллоҳ таоло ушбу муборак китобдан олинган илмларни манфаатли қилиб, муҳаддислар меросини келгуси авлодга етказиш йўлидаги хизматларни баракали қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ота – оиланинг суянчи, фарзанднинг қалқони, жамиятнинг устуни. Фарзанд тарбияси – бу фақат онанинг эмас, балки отанинг ҳам вазифасидир. Чунки оила икки қанот, соғлом бўлсагина, тўғри парвоз эта олади. Аллоҳ таоло каломида бундай дейди: “Эй мўминлар, ўзларингизни ва оилангизни дўзах ўтидан сақланг!” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бу оятдан маълумки, Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмон эркакни ўз оиласи, хусусан, фарзандлари учун жавобгар қилиб қўйган. Уларнинг маънавий-ахлоқий даражада юксак бўлиши бир томондан отанинг ҳам вазифасидир.
Ота – оиланинг имомидир, у намоздаги имомдек, оиласини тўғри йўлга бошлаши керак. Чунки бир жиҳатдан, оятда зикр этилганидек, улар аёлларга ҳам раҳбардирлар, ўз ҳукмронлиги мустаҳкам бўлган оилада, албатта, фарзандлар ҳам ақлли, фаросатли бўлиб етишади. Ёш боланинг қалби оппоқ саҳифага ўхшайди. Ота бу саҳифага қандай сўзлар ёзса, фарзанднинг келажаги шунга кўра шаклланади. Демак, болага иймон, ҳалоллик, сабр, меҳр-оқибат, фидойилик каби фазилатларни бериш отанинг биринчи навбатдаги бурчидир.
Афсуски, айрим оталар фарзандининг жисмоний таъминотини қилиб, ахлоқий ва маънавий тарбиясини унутмоқда. Меҳрсиз гўзал оқибат шаклланмайди. Фарзандга янги телефон, кийим олиш эмас, уни намозга ўргатиш, ҳалол-ҳаромни англатиш, Аллоҳ севгисини юрагига солиш муҳимроқ. Чунки бола ота нима қилса, ўша йўлдан юради. Болалар оталарини ўзларига “қаҳрамон” сифатида танлашади. Ота тонгда бомдодга турса, фарзанд ҳам тонгда уйғонишни ўрганади. Ота ҳалол меҳнат қилса, фарзанд ҳалолликни қадрлайди. Фарзандлар оталарнинг виждони, уларнинг пок эътиқод натижасидир.
Ота – ўз ҳаёти билан дарс берадиган инсон. Ислом оламининг етук намояндаси Фотима Самарқандиянинг отаси – буюк муҳаддис ва фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийнинг ўзаро муносабатларида кўрамиз. Фотима Самарқандия ёшлигидан илм ўрганди. Отаси уни нафақат дунё илмларига, балки Қуръон, фиқҳ ва ҳадисга ошно қилди. Фотима илмда отасининг энг яқин шогирди, ҳаётда эса энг содиқ ёрдамчиси эди. Устоз сифатида отаси уни буюк аллома сифатида тарбиялади. Отаси унга ўз қўли билан фиқҳий масалалар ёзилган дафтарини ишониб топширган. Бу нафақат илмий ишонч, балки оталик эътибори ва муҳаббатининг ёрқин белгиси эди.
Фарзандингиз сизга Аллоҳнинг омонати. Уни фақат дунёвий эмас, ахлоқий ва диний тарбия билан ҳам бойитинг. Ҳар бир ўргатган дуоингиз, ҳар бир қилган меҳрибонлигингиз, ҳар бир амалингиз – сиз учун садақаи жориядир. Бу дунёдан ўтганингиздан сўнг ҳам сизга ажр бўлиб қайтаверади. Унутманг, яхши фарзанд бу – отанинг энг буюк меросидир.
Маҳфуза БОЗОРОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан