Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Июн, 2026   |   17 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:51
Пешин
12:26
Аср
17:35
Шом
19:56
Хуфтон
21:31
Bismillah
04 Июн, 2026, 17 Зулҳижжа, 1447
Янгиликлар

"Ҳаж – 2026" мавсумида қанча зиёратчи улуғ ибодатни адо этди?

03.06.2026   2191   1 min.

Саудия Арабистонининг расмий статистика идораси (General Authority for Statistics) маълумотларига кўра, жорий йилги Ҳаж мавсумида бутун дунёдан жами 1 миллион 707 минг 301 нафар зиёратчи ҳаж амалини адо этди. Уларнинг 1 миллион 546 минг 655 нафари хориждан келган меҳмонлар бўлса, 160 минг 646 нафарини Саудия Арабистони фуқаролари ва резидентлари ташкил қилди.

Муборак ибодатни адо этганларнинг 893 минг 396 нафари эркаклар, 813 минг 905 нафари эса аёллардир.

Хорижлик зиёратчиларнинг асосий қисми, яъни 1 миллион 485 минг 729 нафари муқаддас заминга самолётда етиб келган. Шунингдек, 54 минг 429 нафар зиёратчи автомобиль йўллари, 6 минг 497 нафари эса денгиз орқали борган.

Миллионлаб инсонлар бир вақтнинг ўзида йиғиладиган бундай улкан тадбирни бошқариш дунёдаги энг катта ташкилий жараёнлардан бири ҳисобланади. Шу боис, Саудия расмийлари охирги йилларда Ҳаж зиёратини рақамли бошқарув, хавфсизлик ва логистика жиҳатидан янада тизимлаштиришга, зиёратчиларга максимал қулайликлар яратишга катта эътибор қаратмоқда.

Аллоҳ таоло барча ҳожиларимизнинг зиёратларини қабул айлаб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишларини насиб қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рукудан аввал ва рукудан кейин қўллар кўтарилмайди

03.06.2026   2272   3 min.
Рукудан аввал ва рукудан кейин қўллар кўтарилмайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Рукудан аввал ва рукудан кейин қўллар отнинг думига ўхшаб кўтарилмайди. Ҳанафий ва Моликий мазҳаби уламолари намозда рукудан аввал ва рукудан кейин ёки учинчи ракатнинг қиёмига турганда қўл кўтарилмаслигини айтадилар. Бу сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қиладилар. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқиб: «Нимага сизларни икки қўлларингизни қайсар отнинг думига ўхшаб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокин туринглар» дедилар (Имом Муслим ривояти).

Асваддан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттобнинг аввалги такбирда икки қўлини кўтарганини кўрдим. Кейин буни қайтармади» Имом Таҳовий ривояти.

Осим ибн Кулайб отасидан, у Алқамадан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?» деб намоз ўқиди. Икки қўлини биринчи мартада кўтаргандан бошқа кўтармади».

Саждага борганда аввал тизза ерга қўйилади. Саждага борилаётганда ерга яқин аъзолар бирин-кетин ерга қўйилади, яъни аввал тизза, кейин қўллар ва юз. Саждадан тураётганда ердан узоқ аъзолар биринчи кўтарилади, яъни юз, қўл, тизза. Заруратсиз ерга таяниб туриш макруҳ. «Фатавои Ҳиндия» китобида бундай дейилади:  «Агар намозхон сажда қилишни хоҳласа, аввало ерга яқин бўлган аъзони (ерга) қўяди. Бас (шундай экан), аввал тиззасини, сўнг икки қўлини, сўнг бурнини, сўнгра пешонасини ерга қўяди. Саждадан турганида аввал пешонасини, сўнг бурнини, сўнгра икки қўлини кўтаради...».

«Мухтасарул-виқоя» китобида эса:  «(Намоз ўқувчи) рукудан сўнг такбир айтади ва сажда қилади. Саждага бориш асносида аввал тиззаларини сўнгра қўлларини ерга қўяди, (саждадан турганида) такбир айтади ва аввал бошини сўнгра икки қўли ва тиззаларини ердан кўтаради...», дейилган.

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сажда қилганларида қўлларидан аввал тиззаларини ерга қўйганларини ва саждадан қайтаётганларида тиззаларидан аввал қўлларини ердан кўтарганларини кўрдим», дейилади (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Бошқа ривоятда эса: «Биз ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг намозларидан шуни ўргандикки, у киши руку қилганларидан кейин ҳудди туя чўккалагандек чўккалар эдилар ва тиззаларини қўлларидан аввал ерга қўярдилар», дейилади (Имом Таҳовий Алқама ва Асвад розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Бу борада бир қанча ҳадислар мавжуд. Моликий мазҳабидан ташқари барча мазҳаб олимлари ушбу ҳадисларни дақиқ ўрганиб, «сажда қилишда аввало ерга яқин аъзолар ерга қўйилади ва саждадан туришда эса ердан узоқ бўлган аъзолар ердан кўтарилади», деган фикрга иттифоқ бўлганлар. Оёқларнинг бармоқлари қиблага қараган ҳолда эгилиб, аввал тизза ерга қўйилади. Сўнгра, бурун ва пешона қўйилиб, сажда қилинади.

Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятимизнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари бир мазҳаб – Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир. Бу ҳақда Валийуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-Инсоф фий баён сабаб ал-ихтилоф»да шундай ёзади: «Агар бир оми одам Ҳинд ёки Мовароуннаҳр диёрида яшаса, у ерда Шофеъий, Моликий ёки Ҳанбалий мазҳабларининг бирорта олими ҳам, шу мазҳабга тегишли китоблар ҳам бўлмаса унга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади ва бу мазҳабдан чиқиши ҳаром бўлади».

П. Юсупов,
Наманган туман бош имом-хатиби

МАҚОЛА