Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

“Телефон”га айланиб қолсам эди...

03.06.2026   18657   3 min.
“Телефон”га айланиб қолсам эди...

Ибратли ҳикоялар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу

 

Ҳикоямиз мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган аёл ҳақида. Унинг турмуш ўртоғи фабрикада ишлайдиган жуда банд инсон эди. Унинг кундузи ҳам, кечаси ҳам деярли бўш вақти бўлмасди.

Кунларнинг бирида ўқитувчи ўқувчиларига ўз орзулари ҳақида иншо ёзиш вазифасини берди. Болалар иншо ёзишга киришдилар. Дарс тугагач, устоз барча иншоларни йиғиб олиб, баҳолаш учун уйига олиб кетди.

Ўқитувчи иншоларни бирин-кетин ўқиб чиқар экан, тўсатдан бир иншога кўзи тушиб, қаттиқ йиғлаб юборди. Шу пайт эри хонага шошилиб кириб:

— Нима бўлди? — деб сўради.

Аёл:

— Мана шу иншони ўқиганим учун йиғлаяпман, — деди.

— Нега? Иншо нима ҳақида экан? Қани, бир кўрайчи.

— Сизга ўқиб берайми?

— Майли, ўқинг.

— Бир боланинг орзуси телефон бўлиш экан.

— Нима?!

— Ҳа, у шундай деб ёзибди: «Телефон бўлишни хоҳлайман».

Аёл иншони ўқишда давом этди:

«Аллоҳим, мени телефонга айлантириб қўй. Шунда бутун оилам — ота-онам, ака-укаларим ва опа-сингилларим менга эътибор беришади.

Аллоҳим, мени телефонга айлантир. Чунки отам ишдан уйга келганда менга қарамайдилар, аммо телефондан бошларини кўтармайдилар. Соатлаб видеолар томоша қиладилар.

Аллоҳим, мени телефонга айлантир. Шунда онам уйга келганларида менга бақирмайдилар. Ахир телефон билан кулиб, мамнун бўлиб вақт ўтказадилар-ку!

Аллоҳим, мени телефонга айлантир. Токи телефоннинг ўрнини мен эгаллай.

Аллоҳим, мен кўп нарса сўрамайман. Фақат оилам атрофимда тўпланиши учун телефон бўлишни хоҳлайман, холос».

Ота аёлининг йиғлаётганини кўриб:

— Қандай бечора бола экан! Унинг ота-онаси жуда ҳам бепарво кўринади, — деди.

Бу гапни эшитган аёл янада қаттиқроқ йиғлай бошлади.

Эри ҳайрон бўлиб:

— Нега яна йиғлаяпсиз? — деб сўради.

Аёл кўз ёшлари ичида жавоб берди:

— Ўғлимиз менинг синфимда ўқишини ва мен унинг ўқитувчиси эканимни унутдингизми? Бу иншони сизнинг ўғлингиз ёзган...

Ҳурматли ота-оналар!

Илтимос, фарзандларингизга вақт ажратинг. Ҳеч қачон уларни ҳис-туйғулардан маҳрум деб ўйламанг. Болалар жуда таъсирчан бўладилар. Улар ҳатто энг кичик нарсаларга ҳам эътибор берадилар.

Фарзандингизнинг юзидаги умид ва қувонч табассумини кўришни хоҳлайсизми? Бу сиз уларга қанча пул берганингизда ёки қандай ўйинчоқ, велосипед олиб берганингизда эмас. Балки уларга кўрсатадиган меҳрингиз, эътиборингиз ва ажратадиган вақтингиздадир.


Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир”, деганлар.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкент ислом институтида Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди

17.09.2026   15667   1 min.
Тошкент ислом институтида Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2026-2027 ўқув йилининг 1-сонли Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни институт ректори, Кенгаш раиси Уйғун Ғафуров бошқарди.


Мажлисда муассасанинг янги ўқув йилидаги фаолиятига оид қуйидаги муҳим масалалар кўриб чиқилди ва тасдиқланди:
 

  • Институт Кенгаши, таркибий бўлимлар ва кафедраларнинг 2026-2027 ўқув йилига мўлжалланган йиллик режалари ҳамда ўтган ўқув йилидаги буйруқлар ва мурожаатлар ижроси таҳлил қилинди.
     

  • Битирув малакавий ишлари мавзулари тасдиқланиб, илмий раҳбарлар бириктирилди; фан ойликлари, тўгараклар ташкил этиш ҳамда янги ўқув қўлланмаларини нашрга тавсия этиш масалалари ҳал этилди.
     

  • Талабалар турар жойи тўловлари, ички тартиб-қоидалар ва профессор-ўқитувчилар навбатчилиги тасдиқланди.
     

  • Таълим тизимида илк бор “Фахрий доктор”, “Фахрий профессор”, “Фахрий доцент”, “Фахрий устоз” ва “Фахрий талаба” мақомларини таъсис этиш, тегишли низом ҳамда кўкрак нишонлари эскизлари маъқулланди.
     

  • Институтнинг 55 йиллик юбилейини кенг нишонлаш режаси, муассасани халқаро аккредитациядан ўтказиш тайёргарлиги ҳамда 2030 йилгача бўлган ривожланиш стратегияси кўриб чиқилди.


Йиғилиш сўнггида кун тартибидаги барча йўналишлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, масъулларга аниқ вазифалар юклатилди. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Тошкент ислом институтида Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди Тошкент ислом институтида Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди Тошкент ислом институтида Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди Тошкент ислом институтида Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари