Ҳасан ибн Абу Синан раҳимаҳуллоҳ олтмиш йил давомида ётган ҳолатда ухламаган эканлар, ёғли таомлар истеъмол қилмаган ҳамда совуқ сув ичмаган эканлар. Вафот этганларидан сўнг у зот бир кишининг тушига кирдилар ва у киши: “Аллоҳ таоло сизни қандай қабул қилди?” — деб сўради.
Ҳасан ибн Абу Синан раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло мени жуда яхши қабул қилди, аммо ҳаётимда бир кишидан игна қарзга олиб, қайтариб бермаган эдим. Шу сабаб жаннатга кира олмаяпман”, деган жавобни бердилар.
“Руҳул-баён” тафсири, 2-жилд, 171-саҳифа
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати