Юртимизга Ёз ойлари кириб келди. Шукрлар бўлсин.
Мактабларда ўкув йили тамомланди. Кеча биринчи синфга қадам қўйган битирувчига ҳам айланди.
Мактабги тамомлаганлар Олий даргоҳларига талаба булиш умидида аризалар топшириш тараддудида.
Битирувчи ўкувчилардан бошқа фарзандларимиз ёзги таътил даврида оила бағрида. Аммо минг афсуски, ўкув йили тугади дегани, таълим олиш тарбия олиш тугамади.
Зеро, Расулуллох алайхиссалом: “Бешикдан кабргача илм изла!” дедилар.
Эътибор берайлига, бешикдан кабргача деган замон уз ичига ёз ойларини хам олади.
Доно халқимизда ажиб накл бор.
“Дўстни ғафлати душманни ганимати”
Дарҳақиқат фарзандларимизни назоратсиз қолдирсак, ҳохлаган ишларига қўл уришлари аниқ.
Аллоҳ таоло инсонни илм билан шарафлади. Илм – қалбларни ёритадиган нур, жаҳолат зулматидан нажот берадиган йўлдир. Шу сабабли мўмин банда илм олишни маълум бир фаслга, ёшга ёки вақтга боғлаб қўймайди. Чунки илм олиш ибодати умрнинг охиригача давом этадиган шарафли вазифадир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси, 9-оят).
Яна бир оятда: “Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилган зотларни баланд даражаларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).
Бу оятлар илм аҳлининг Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомини кўрсатади. Илм эгаллаш учун ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғи, таътил ёки бошқа баҳоналар тўсиқ бўла олмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” (Ибн Можа ривояти).
Ҳадисда илм талаб қилиш учун муддат ёки чеклов белгиланмаган. Демак, мусулмон киши доимо ўрганишда, изланишда ва ўзини камолга етказишда давом этиши керак.
Салаф улуғларимиз илм йўлида мислсиз сабр ва матонат кўрсатганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ каби буюк алломалар умрларининг сўнгги дамларигача илм билан машғул бўлганлар. Улар учун “дам олиш” илмни тарк қилиш эмас, балки илмни янада мустаҳкамлаш воситаси эди.
Афсуски, баъзан айрим кишилар таътил кунларини бекорчилик, фойдасиз машғулотлар ёки вақтни беҳуда сарфлаш билан ўтказадилар. Ҳолбуки, бир дақиқа ҳам қайтиб келмайди. Вақт – Аллоҳнинг энг улуғ неъматларидан биридир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алаҳҳи васаллам айтадилар: “Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қоладилар: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Шунинг учун таътил кунлари Қуръон тиловати, диний ва дунёвий фойдали китобларни мутолаа қилиш, илмий суҳбатларда қатнашиш, янги кўникмаларни ўрганиш билан безатилиши лозим.
Илмнинг энг гўзал жиҳати шундаки, у инсонни дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга элтади. Мол-дунё сарфланса камаяди, илм эса улашилган сари зиёда бўлади. Шунинг учун ҳақиқий муваффақият эгаси – вақтини илм билан қадрлаган кишидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтмоқчимиз.
Таътил мактабда, олийгоҳда ёки иш фаолиятида бўлиши мумкин. Аммо илм олишда таътил бўлмайди. Мўмин инсон ҳар куни янги бир фойдали маълумот ўрганишга, Қуръон ва суннат илмларини эгаллашга интилади. Чунки илм йўли – жаннат йўлидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким илм излаш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни илмни севувчи, унга амал қилувчи ва уни бошқаларга етказувчи бандаларидан қилсин.
Шуҳратилла Исроилов,
Учқўрғон тумани бош имом-хатиби.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати