“Мазҳаб” сўзи араб тилида “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Ҳанафий мазҳаби аҳли сунна вал жамоа йўналишининг тўрт фиқҳий мазҳаблари орасида асрлар оша эргашувчиларининг кўплиги, мустаҳкам асослари ва қулайлиги билан ажралиб туради.
Ҳанафийлик мазҳаби фақат Имом Абу Ҳанифанинг ижтиҳодлари асосидагина шаклланмаган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Ироқ фиқҳий мактабининг ёрқин вакили ҳисобланади. Ироқ фиқҳий мактаби асослари Куфада яшаган Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу бошлиқ бир минг беш юздан ортиқ саҳобага таянади.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мужтаҳид (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқаришга салоҳияти бор, етук олим) даражасидаги кўплаб шогирдлари ҳамроҳлигида ўз даврларида пайдо бўлган деярли барча фиқҳий масалаларни тизимли равишда ечимини топиб, ҳаттоки ҳали содир бўлмаган фаразий масалаларга ҳам ечим топганлар. Шу тариқа келажак авлодга жуда катта фиқҳий мерос хазинасини қолдирдилар.
Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг ўзларига хос ижтиҳод йўллари мавжуд бўлиб, у киши буни қуйидагича таърифлайдилар: “Мен ҳукмларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан оламан. Агар Қуръондан ҳам, Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан, хоҳламаганимни олмайман. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо тобеинларга келсак, масалан, Иброҳим ан-Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирин, Саид ибн Мусаййаблардек, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор”.
Демак, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳукм чиқаришда тутган йўллари қуйидаги ҳадисга мувофиқ бўлган:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни яманликларга исломни ўргатиш учун юборганлар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу жўнаб кетаётган пайтларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини тўхтатиб, шундай деганлар:
“У ерда сизга бирор масала дуч келса, қандай қилиб ҳукм чиқарасиз?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг китоби ила”, деб жавоб бердилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг китобидан топа олмасангиз-чи?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳнинг ҳадислари билан”, деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасангиз-чи?” деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу: “Қараб турмасдан фикрим ила ижтиҳод қиламан”, дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Мотуридия ақидаси асослари. Ақиданинг луғавий маъноси – бир нарсани ҳақ деб билиб, қалбда маҳкам тутмоқликдир. Ақиданинг ақоид илми истилоҳидаги маъноси эса, мусулмонлар ҳақ ва тўғри деб ишониб, эътиқод қиладиган масалалардир.
Расуллар умматларини, аввало, соф ақидага, яъни Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлигини тасдиқ этиш, унга нолойиқ бўлган барча сифатлардан пок эканига ишониш, охират куни, ҳисоб-китоб, жаннат-дўзах ҳақлигига имон келтиришга даъват этганлар.
Барча пайғамбарларнинг ақидаси бир бўлиб, шариатлари ҳар хил бўлган. Ақидани қалбга мустаҳкам ўрнатиб олиш ва қалб ундан ҳеч қачон гумон қилмаслиги ҳамда унга ҳақиқий ишониши керак. Ақидасиз кишининг ҳаёти ҳаёт эмас. Ақидасиз умр жуда оғир ва маъносиздир. Ақида билан ўтган умр эса жуда яхши, лаззатли ва маъноли бўлади.
Дарҳақиқат, ақида бу – Исломнинг асосий пойдевори бўлиб, унинг саҳиҳ ва соғлом бўлиши ўта муҳимдир. Зеро, ақида бирлиги жамиятдаги бирликка сабаб бўлади, одамларнинг маслаклари ва ғоялари битта бўлгани учун ҳам ўзаро ихтилофга боришмайди.
Муқаддас Ислом динимиздаги ягона ва энг тўғри ақида бу – аҳли сунна вал жамоа ақидасидир. Зеро, кишининг ақидаси тўғри бўлса, унинг юрадиган йўли тўғри бўлади. Ақидаси тўғри бўлган одам яхшиликларнинг эшигини очгувчи, ёмонликларнинг эшигини ёпгувчи калит сингаридир. Саодат асрининг буюк вакиллари бўлмиш саҳобалар ҳам ўз ақидаларида мустаҳкам бўлиб, уларни дунёнинг ҳеч бир нарсаси чалғита олмаган. Жумладан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг Аллоҳ таолога бўлган ишончи шунчалик кучли эдики, ҳеч бир нарса унинг имонига халал бера олмас эди. У зот ўз имони хусусида бундай деган: “Агар парда кўтарилиб, Аллоҳнинг жамолини кўрсам ҳам, имоним заррача кўпаймайди”.
Аммо кишининг ақидаси бузуқ бўлса, у қилган амалларнинг кўплиги унга фойда бермайди. Соғлом ақида билан бажарилган озгина амалнинг савоби бузуқ ақида билан бажарилган кўплаб амалларнинг савобидан устун бўлади. Зеро, улуғ алломаларимиздан бири Сўфи Оллоҳёр: “Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса елдур”, деб жуда ҳам тўғри айтган.
Чуст тумани "Каттабоғ" жоме масжиди имом хатиби Маҳмуд Жалолов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ