Бало-мусибатларга меҳмондўстликни қуюқ қилинг, зеро, улар ўткинчидир. Парвардигорнинг карами кенг: Мўмин бандасининг оёғига кирган биргина зирапча сабабли Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини ўчиради. Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Балолар меҳмондир бас, меҳмондорчиликни қуюқ қилинг, токи улар мукофот диёрига сиздан рози бўлиб кетсинлар. Балолар бўлмаганида қиёматга қуруқ қўл билан борган бўлар эдик. Агар сенга ғайб пардаси кўтарилса эди, маҳзун бўлган кунларингни яхши кўриб қолардинг. Агар балоларга сабр қилган кишига ботмон-ботмон савоб берилаётганини кўрганингда, қалбинг ором олиб, қалбингни тирнаган аламлардан лаззатланган бўлар эдинг".
Ал-Азҳар шайхи Шайх Аҳмад Тоййиб
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси
Озарбайжонда бўлиб ўтган Саййид Яҳё Бокувийнинг бой маънавий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциянинг ёпилиш маросими рамзий маънога эга бўлган тарихий Ағдам шаҳрида ўтказилди. Унда туркий давлатлар, араб-мусулмон мамлакатлари диний пешволари, уламолар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугунги мураккаб даврда тинчлик ва ҳурлик энг бебаҳо неъмат эканини алоҳида таъкидлаб, уммат бирлиги, ҳамжиҳатлик ва диний-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш заруратига тўхталдилар. Шунингдек, давлат Раҳбарлари ўртасидаги самимий биродарлик ва олий даражадаги ўзаро ташрифлар халқларимиз тарихида янги саҳифа очганини эътироф этдилар.
Йиғилишда Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ҳам сўзга чиқиб, яқинда бўлиб ўтган Озарбайжон етакчисининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва имзоланган "Абадий дўстлик шартномаси" қардошлик муносабатларимизни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Анжуман якунида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода жанобларининг таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганлар ва бутун ислом уммати ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида эл-юртларимиз тинчлиги, мамлакатларимиз фаровонлиги ҳамда анжуманда кўтарилган муҳим масалалар мусулмонлар ва бутун уммат манфаати учун хизмат қилишини Ҳақ таолодан сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати