Тадбир доирасида Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоев тумандаги «Қосим Шайх» жоме масжидида диний соҳа ходимлари билан йиғилиш ўтказди. Унда ҳудудда фаолият олиб бораётган отинойиларнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, улар томонидан амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги муҳокама қилинди ҳамда галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Сайёр семинар доирасида вилоят отинойилари ўзларига бириктирилган маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва кўмакка эҳтиёжманд оилалар хонадонларига кирди. Суҳбатлар давомида фуқароларнинг кўнгли кўтарилиб, диний-маърифий мавзуларда насиҳатлар қилинди ва юрт тинчлиги, хонадонлар осойишталигини сўраб дуолар қилинди.
Хайрия тадбири давомида отинойилар томонидан жами 10 та хонадон эгаларига маънавий қўллаб-қувватлов билан бир қаторда, зарур озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат моддий эҳсонлар ҳам топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.
ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.
Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.
Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."
Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.
Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:
Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати