Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ҳар ким қиёмат куни одамлар ўртасида ҳукм чиқарилгунча садақаси соясида бўлади" деганларини эшитдим».
Язийд: "Абул Хайр бирор кунни ҳам садақасиз ўтказмас эди. Ҳеч бўлмаса, бир бурда қотган нон ёки бир дона пиёз бўлса ҳам", деди.
Қиёматнинг даҳшатли жазирамасида ҳамма соя излаб зор юрган пайтда банданинг бошига бу дунёда қилган садақалари соябон бўлиб туради.
Ким охиратдаги сояси қуюқ бўлишини, охиратнинг куйдирувчи иссиғидан сояда жон сақлашни истаса, кўпроқ садақа қилиши керак.
Абул Хайр розияллоҳу анҳу мана шу ҳадиси шарифни эшитиб қолган, одамларга ривоят қилган, унинг маъносини ўзига тўлиқ сингдирган, яхши билган.
Шунинг учун Аллоҳнинг берган куни садақа бериб юрган. Жуда ҳеч нарса топа олмай қолса, бир дона пиёзни бўлса ҳам садақа қилиб, шу ҳадисга амал қилган, қиёматдаги соясини кўпайтирган экан.
Яқин Шарқ ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазирининг ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафадийнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи икки мамлакат ўртасида сўнгги йилларда жадал ривожланаётган сиёсий мулоқот, маданий дипломатия ва иқтисодий ҳамкорликнинг амалий давомидир. Ташриф давомида тарихий мерос, цивилизациялар мулоқоти ва замонавий тараққиёт концепцияларини уйғунлаштирган Марказ экспозициялари билан танишган делегация Ўзбекистоннинг бой цивилизацион мероси бугунги ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик стратегиясининг муҳим қисмига айланаётганини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазирининг ўринбосари, Ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар вазири Айман ас-Сафадий бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Делегация аъзолари Марказ музейи экспозициялари билан таништирилиб, унинг концепцияси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Меҳмонларда энг катта қизиқиш уйғотган экспозициялардан бири Буюк Ипак йўлига бағишланган бўлим бўлди. Қадимги савдо йўллари хариталари, Шарқ ва Ғарбни боғлаган карвон йўллари, цивилизациялар ўртасидаги иқтисодий, илмий ва маданий алмашинув жараёнларини акс эттирувчи экспозициялар юзасидан делегация аъзолари мутахассисларга кўплаб саволлар билан мурожаат қилди.
Амир Темур ва Темурийлар даврига бағишланган бўлим ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, машҳур хаттот Умар Ақто томонидан кўчирилган улкан Қуръон қўлёзмаси, Бибихоним тарихи ҳамда Темурийлар даврининг юксак маданий муҳитини акс эттирувчи экспонатлар алоҳида эътибор марказида бўлди.
Делегация, шунингдек, Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори экспозициясида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги замонавий ташқи сиёсати ва глобал ҳамкорликларига бағишланган интерактив харитага ҳам алоҳида эътибор қаратди. Турли давлатлар билан шаклланган стратегик шериклик ва дипломатик муносабатларни акс эттирувчи рақамли экспозициялар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори экспозициясида ташкил этилган спорт бўлими эса ташрифнинг энг самимий лаҳзаларидан бирига айланди. Ўзбекистон спортчиларининг Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида қўлга киритган ютуқлари ҳақидаги маълумотлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Суҳбат давомида спортнинг халқлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим восита экани алоҳида қайд этилди.
Айман ас-Сафадий, Иордания ташқи ишлар вазири:
– Ўтган йили Жаноби Олийлари Қирол Абдуллоҳ II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга амалга оширган тарихий давлат ташрифидан сўнг бу ерга келиш мен учун алоҳида мамнуниятдир. Ўша ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққан муҳим воқеа бўлди. Бизни қардошлик ришталари, муштарак тарих ва ўзаро ишонч бирлаштириб туради. Бугун эса ушбу ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида изчил иш олиб боряпмиз.
Бугунги Ўзбекистон кенг қамровли ислоҳотлар ва жадал тараққиёт босқичини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу тараққиётнинг маънавий асосларини мустаҳкамлайдиган, миллий меросни илмий асосда сақлаш ва уни халқаро ҳамжамиятга тақдим этишга хизмат қиладиган муҳим муассасадир.
Бой тарихни келажак тараққиёти билан боғлай олган бундай маскан ҳар қандай халқ учун бебаҳо бойликдир. Ишонаманки, ана шу мустаҳкам тарихий пойдевор Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётига ҳам хизмат қилади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун аниқ мақсад ва равшан истиқболга эгамиз. Олдимизда ҳали фойдаланилмаган улкан имкониятлар мавжуд. Жорий йил якунида Ўзбекистон Президентининг Аммон шаҳрига ташрифини катта мамнуният билан кутмоқдамиз. Ишончим комилки, бу учрашув стратегик шериклигимизни янада мустаҳкамлаб, икки давлат ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлайди, — деди Иордания ташқи ишлар вазири.
Ташриф якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов делегация аъзоларига Марказнинг эсдалик совғаларини топширди.
Шунингдек, Айман ас-Сафадий Марказнинг «Фахрий меҳмонлар» китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди. Ушбу қайд Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги тарихий дўстлик, умумий маънавий қадриятлар ҳамда стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган умумий интилишларнинг рамзий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати