Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Отамнинг хотира қутисини очганимда, у менга 22 йил аввал берган бир конвертни топдим.
Тахминан 2004-йилларда, “Ялла” дастури эфирга узатилаётган пайтларда биз ёш эдик. Араб дунёсининг тараққий этишини, янада яхши томонга ўзгаришини орзу қилардик. Отам бу дастур эпизодларини мунтазам томоша қилар, ҳатто уларни видеоленталарга ёзиб борарди.
Бир куни дастур эпизодларидан бирини томоша қилганидан сўнг, икки саҳифали мактубни конвертда менга топширди. Бугун ўша мактубнинг айрим қисмларини сизга ўқиб бермоқчиман. Шоядки, отамнинг овози уни ёзганидан 22 йил ўтиб ҳам инсонларга етиб борсин.
Бу сўзлар ёшлар ва уларни тинглайдиган, кузатадиган кишилар учун ёзилган эди.
Отам бундай ёзган:
“Кўплаб инсонлар Ислом ҳақида савол берадилар: “Нега инсон яратилди? Дин нима учун мавжуд? Инсоният динга хизмат қилиши учунми ёки дин инсониятга хизмат қилиши учунми?”.
Менимча, дин инсониятнинг саодати учун юборилган. Диннинг барча ҳукмлари, ибодат ва кўрсатмалари битта мақсадга хизмат қилади — инсоннинг ислоҳ бўлиши ва камол топиши.
Инсоннинг ўзи, оиласи, маҳалласи, шаҳри, давлати ва охиратдаги ҳолати яхшиланиши – диннинг асл мақсади.
Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни Ўзига ибодат қилиш билан ёнма-ён зикр қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ота-онага яхшилик қилишни энг савобли амаллардан бири сифатида таъкидлаганлар.
Қизиқки, айрим кишилар намозга жуда эътиборли бўлсалар-да, ота-оналарига бепарво бўладилар. Бошқалари эса ота-онага хизмат қилишга ҳаракат қиладилар-у, аммо намозга сусткашлик қиладилар. Ҳолбуки, ҳақиқий мусулмон иккисини ҳам бирдек қадрлаши керак.
Инсон билган нарсасига амал қилиши керак. Шундагина у ҳақиқий ҳидоятга эришади.
Аллоҳ барча мусулмонларни ҳидоят қилсин, Ўзининг розилиги ва жаннатига етакласин. Ҳамд оламлар Парвардигори Аллоҳгадир”.
Мактуб шу сўзлар билан якунланган эди.
Хулоса қилиб айтганда, отам диннинг асосий мақсади инсонни яхшилаш деб ҳисоблар эди. У инсон камолоти икки асосга таянишини таъкидлаган:
Биринчиси – ибодатлар орқали шаклланадиган маънавий ва руҳий тарбия.
Иккинчиси – яхши амаллар, гўзал хулқ ва фойдали ишлардан иборат амалий тарбия.
Бу икки жиҳатдан бири бўлмаса, инсон камолотида нуқсон пайдо бўлади. Инсоннинг дунё ва охиратдаги саодати эса айнан шу икки асоснинг уйғунлигига боғлиқ.
Отам бу дунёни тарк этганига йиллар бўлди. Аммо унинг ўрни ҳеч нарса билан тўлмайди. У ҳақда қанча шеър ёзмайин, қанча хотиралар айтмайин, барибир отанинг қадри беқиёсдир.
Ота-онанинг қадрига улар ҳаётлик вақтларида етиш керак. Улар вафот этганларидан кейин қабр устида тўкилган кўз ёшлар, афсуслар ва армонлар фойда бермайди.
Шунинг учун ота-онангиз ҳаёт бўлса, уларга хизмат қилинг, дуоларини олинг ва меҳр кўрсатинг. Чунки улар кетганидан кейин уларнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати