Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон қалби – Аллоҳ таолонинг назари тушадиган муқаддас макон. Бироқ бу маконни заҳарловчи, маънавий ҳаётни издан чиқарувчи иллатлар борки, уларнинг энг хавфлиси адоват ва кек сақлашдир. Адоват шундай бир оловки, у аввало эгасининг қалбини куйдиради, сўнгра жамият жипслигига путур етказади.
Қуръони каримда адоватдан қайтарилган.
Ислом дини инсонларни ўзаро муҳаббат ва кечиримли бўлишга чорлайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўминларни бир-бирларига нисбатан қалбларида ғараз сақламасликка чақириб, бундай марҳамат қилади: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтганларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан бирон ғараз (адоват) пайдо қилмагин...» (Ҳашр сураси, 10-оят).
Бу оят мўмин киши нафақат тилида, балки ички дунёсида ҳам бошқаларга нисбатан пок бўлиши кераклигини англатади. Адоват бор жойда иймон ҳаловати бўлмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматни адоват ва нафратдан қаттиқ огоҳлантирганлар. Зеро, бу иллат инсоннинг қилган барча эзгу амалларини йўққа чиқариши мумкин.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
"Бир-бирингизга адоват қилманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг ва бир-бирингиздан юз ўгирманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, ўзаро биродар бўлинг!" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Адоватнинг инсон ҳаётига таъсири жуда кучлидир.
Адоват — бу руҳий занжир. Кек сақлаган инсон доимий безовталикда яшайди. Унинг салбий оқибатларини қуйидагича таснифлаш мумкин:
Маънавий таназзул: Адоват эгасининг ибодатларидан лаззат кетади, чунки қалб нафрат билан банд.
Ижтимоий инқироз: Оилалар бузилиши, қариндошлар ўртасидаги ришталар узилиши ва жамиятдаги ихтилофларнинг бош манбаи адоватдир.
Соғлиққа зиён: Тиббий нуқтаи назардан ҳам, доимий нафрат ва ғазаб қон босими, юрак хасталиклари ва асаб тизими емирилишига сабаб бўлади.
Хулоса
Адоват - қалбни ичидан кемирувчи зангдир. Ундан қутулишнинг ягона йўли - кечиримли бўлиш. Бировдан ўч олиш нафсни қондириши мумкин, лекин кечириш қалбга ҳақиқий ором беради.
Зеро, улуғларимиз айтганларидек: "Кечиримли бўлиш – заифлик эмас, балки кучли руҳият белгисидир". Қалбимизни адоватдан поклаб, меҳр-муҳаббатга жой очайлик, шунда икки дунё саодатига эришамиз.
Ҳабибулло Муминжонов,
Косонсой тумани “Исломхон” жоме масжиди имом-хатиби
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати