Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Кибер хавфсизлик ва интернетдаги алдовлардан эҳтиёт бўлиш

09.06.2026   12290   2 min.
Кибер хавфсизлик ва интернетдаги алдовлардан эҳтиёт бўлиш

Аллоҳ таоло инсонга ақл, илм ва технология неъматларини ато этди. Бу неъматлардан яхшилик йўлида фойдаланиш банданинг вазифасидир. Аммо бугунги кунда интернет тармоқларида фирибгарлик, алдов, шахсий маълумотларни ўғирлаш ва бошқаларнинг молини ноҳақ йўл билан қўлга киритиш каби жиноятлар кенгайиб бормоқда.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ йўл билан еманглар" (Бақара сураси, 188-оят).

Интернет орқали банк карталарини бузиш, сохта ҳаволалар юбориш, одамларнинг пулларини фириб билан тортиб олиш ушбу оятда қайтарилган ноҳақ ишлар жумласидандир.

Яна Аллоҳ таоло дейди: "Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз эгаларига топширишингизни буюради" (Нисо сураси, 58-оят).

Инсоннинг шахсий маълумотлари, пароллари ва электрон ҳисоблари ҳам омонат ҳисобланади.

Уларни ҳимоя қилиш ва бошқаларнинг маълумотларига тажовуз қилмаслик мусулмоннинг бурчидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким бизларни алдаса, биздан эмас" (Имом Муслим ривояти).

Интернетда ёлғон реклама бериш, сохта савдо қилиш, одамларнинг ишончини суйистеъмол қилиш ушбу ҳадис таҳдидига киради.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мусулмон — бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Бугунги кунда инсон фақат қўли билан эмас, балки телефони, компьютери ва интернет орқали ҳам зарар етказиши мумкин. Шунинг учун ҳақиқий мусулмон бошқаларнинг мол-мулки ва маълумотларига зиён етказмайди.

Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу давлат молидан фойдаланишда шунчалик эҳтиёткор эдиларки, шахсий ишлари учун давлат чироғини ўчириб қўяр эдилар. Бу воқеа мусулмон киши ўз ҳаққи бўлмаган нарсага ҳатто арзимас даражада ҳам кўз олмаслиги лозимлигини ўргатади.

Азиз ёшлар! Интернетда номаълум ҳаволаларга кирманг, паролларингизни бошқаларга берманг, сохта совринлар ва тез бойиш ваъдаларидан эҳтиёт бўлинг. Технологиядан илм, маърифат ва ҳалол ризқ учун фойдаланинг.

Аллоҳ таоло барчамизни интернет фитналари, фирибгарлик ва жиноятлардан асрасин. Технологияларни инсонларга манфаат етказиш йўлида ишлатувчилардан қилсин. 

Абдуллоҳ Муҳиддинов,
Наманган шаҳар “Ёқуббой ҳожи” жоме масжиди имом ноиби 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда

11.08.2026   37834   1 min.
Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.

Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.

Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.

Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.

Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.

Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда Байрам шукуҳи Жиззахда ҳам давом этмоқда
Ўзбекистон янгиликлари