Тошкент ислом институти қошида фаолият юритаётган Қарши шаҳридаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг навбатдаги битирувчилари иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров, институт проректори Жаҳонгир қори Рўзиев, “Қуръон илмлари” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ҳамда ўқув курси бўлими бошлиғи Аҳмадхон қори Рашидов иштирок этдилар.
Учрашувда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти, жамиятда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани алоҳида таъкидланди. Ўз навбатида, тингловчилар ўқув жараёни учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ва малакали устозларнинг сабоқларидан мамнун эканликларини билдирдилар.
Тадбир давомида ўқув курси ривожига муносиб ҳисса қўшган масъуллар тақдирланиб, курсни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Якунда юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда ёшларнинг илм-маърифат йўлидаги саъй-ҳаракатлари баракали бўлишини тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 10 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида хайрли ва саховатпеша тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган янги ўқув йили муносабати билан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла ва саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир доирасида мактаб ёшидаги ўқувчиларга янги ўқув йили учун зарур бўлган мактаб формаси, сумка ва тўлиқ ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди.
Маросим якунида юртимиз тинчлиги, хонадонлар файзу баракаси ва хайрли ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати